Парашют спорти

Парашют спорти - авиация спорти тури. Парашют спортида турли учиш аппаратларидан (самолёт, вертолёт, планёр, дирижабль, аэростат ва б.) парашютда сакралади. Замонавий Парашют спорти мусобақалари дастурига қуйидагилар киради:

600 – 1500 м баландликдан радиуси 10 м ли нишон доирасига якка ва гуруҳли бўлиб сакраб ерга аниқ қўниш;

2000 м баландликдан якка ҳолда сакраб ҳавода акробатик фигуралар комплексини бажариш;

2400 м дан эркин тушиш пайтида эстафета таёқчаларини узатиш ва нишон доирага аниқ қўниш машқи бажариладиган гуруҳли бўлиб комплекс сакраш;

2400—4000 м баландликдан эркин тушишда муайян фигуралар ясаб гурухли бўлиб акробатик сакраш;

ерга аниқ қўниш;

кичик калибрли милтиқдан отиш, кросс, сузишни ўз ичига олувчи парашют кўп кураши.

Халқаро авиация федерациясининг парашют комиссияси – СIР (1950 йил тузилган)га 50 дан ортиқ, мамлакат аъзо. 1951 йилдан жаҳон, 1975 йилдан Европа чемпионатлари ўтказилади. Ўзбекистонда Парашют спорти 1934 йил вужудга келган. Шу йили Тошкент аэроклуби ўз фаолиятини бошлаган эди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда 12000 дан ортик, парашютчилар тайёрланди.

Тошкент аэроклубидан ташқари мамлакатда яна 3 та авиация спорт клуби (Андижон, Зарафшон, Самарқанд) бор. Парашютчиларнинг ҳар йили «Оқ олтин» мусобақалари ҳамда фахрийларнинг анъанавий матч учрашувлари ўтказиб турилади. 1993 йил Фарғона шаҳри парашютчилари Вена (Австрия)да ўтказилган халқаро мусобақаларда, Ўзбекистон терма жамоаси (Т.Азизбекова, Н.Трофимова, С.Ричкова, Т.Гирдюк, Н.Скулкина) парашют кўп кураши бўйича халқаро мусобақалар (Волганск шаҳри)да 3-ўринни эгаллади. Ўзбекистонлик В.Крестьянников жаҳон, Э.Эскандэров Европа чемпиони унвонига сазовор бўлган, А.Фасхутдинов, А.Конишева, Л.Абдурахмонов, В.Коротеева ва бошқа ўзбекистонлик жаҳон рекордчилари ҳисобланади.

Поделиться