Ўзбекистонлик велоспортчиларнинг Бирлашган Араб Амирлигида давом этаётган машғулотлари қизғин кечмоқда

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, жорий йилнинг 14 январь куни велоспорт бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва мураббийлар штаби БААга ўқув- йиғин машғулотлари ўтказишга жўнаб кетишганди. Ҳозирда Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаси билан ўтказилаётган қўшма ўқув-машғулот йиғинлари қизғин тус олмоқда. 
 
 
Мазкур ўқув-машғулот йиғинлари доирасида спортчиларимиз амирликларда ўтказиладиган "Тур Шарджа" Халқаро турнирида ҳам иштирок этишлари белгиланганди. Сергей Лагутин бошчилик қилаётган машғулотларда терма жамоамиз аъзоларидан Руслан Каримов, Муроджон Холмуродов, Дилмурод Сиддиқов, Никита Чернов, Марат Суляев, Шомансур Абдуманнапов, Семён Севастьянов, Роман Шукуров, Данил Евдокимов, Алексей Фомовский, Диана Адельшинова хамда Ольга Жантугановалар иштирок этишмоқда. 
 
 
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари велосипед спорти федерациялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича имзоланган битимга асосан мазкур қўшма ўқув-машғулот йиғинлари БАА велосипед спорти федерацияси таклифига кўра ўтказилмоқда.  
 
 
Делегация раҳбари, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ижрочи директори Рустам Нуртдиновнинг таъкидлашича мазкур қўшма йиғин икки томонлама имзоланган меморандумда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича илк қадам бўлган. - “Ўзбекистон велосипед спорти тарихида биринчи маротаба биз қўшма ўқув-йиғин машғулотини ўтказмоқдамиз ва мусобақаларга пуҳта тайёргарлик кўрмоқдамиз” - деб қўшимча қилди бу борада Рустам Нуртдинов.  
 
 
Шунингдек, Ўзбекистон ва БАА велосипед спорти федерациялари ўртасидаги келишувга асосан ўзбекистонлик қизлар амирликларнинг "Al-Asyal" аёллар веложамоаси таркибида ўз маҳоратларини тоблаш имконига эга бўлишади. Жумладан, 4 январдан 6 февралга қадар давом этаётган ўқув-машғулотлар йиғинида терма жамоамиз аъзолари Екатерина Кнебелева ҳамда Рената Байметовалар мазкур жамоа машғулотларида иштирок этишмоқда. 
 
 
Йиғин доирасида спортчи қизларимиз Абу-Даби шаҳрида ўтказилган "Liwa Cycling Challenge 2018" спорт мусобақасида қатнашишга ҳам улгуришди. Унда Екатерина Кнебелева 104 км масофани 2:55:01 дақиқада босиб ўтиб, 2-ўринни эгаллади. Рената Байметова эса юқоридаги масофани 3:01:44 дақиқада босиб ўтиб, маррага бешинчи бўлиб етиб келди. 
 
 
Мазкур ўқув-йиғин машғулотлари жорий йил февраль ойида ўтказиладиган Осиё чемпионатига тайёргарлик босқичини вазифасини ўтаб беради. Маълумот учун, Осиё чемпионати 16-20 февраль кунлари Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида велоспортнинг трек йўналишида ўтказилади.

 

Поделиться 2018-01-24 11:55:38