Каратэ
Каратэ (японча — ҳеч нарсасиз қўл билан) — қуролсиз ўзини-ўзи ҳимоя қилиш, инсон танасининг нозик жойларига қўл ёки оёқ билан зарбалар беришга асосланган спорт курашининг бир тури. Каратэнинг ҳозирги қоидалари 20-асрнинг бошларида японча жиужицу яккакурашини такомиллаштириш асосида шаклланган. Унинг дастлабки усул ва қоидаларини Г.Фунакоси (1869— 1957, Япония) ишлаб чиққан. Каратэчилар 8х8 м татамида яккама-якка ёки жамоа бўлиб мусобақалашади, бажарилган зарба усулларига қўйилган баҳоларга қараб ғолиблар аниқланади. Халқаро Каратэ федерацияси (WUKO)гa 1968 йилда асос солинган. У 157 миллий федерацияни бирлаштиради (2002), Ўзбекистон миллий Каратэ федерацияси унга 1996 йилда кирган. 1970 йилдан жаҳон чемпионатлари ўтказиб келинади (ҳар 2 йилда).
Каратэ Осиё, Лотин Америкаси мамлакатлари, АҚШ, Испания, Франция ва бошқа давлатларда тараққий этган. Ўзбекистонда Каратэ 20-асрнинг 80-йилларидан оммалаша бошлади. 1995 йилда республика Каратэчилари битта федерацияга бирлашди (Каратэда 4 та йўналишда мусобақалар уюштирилади). Федерациянинг барча вилоятларда бўлимлари бор.
Ўзбекистонда 60 мингдан кўпроқ киши Каратэ билан шуғулланади, 40 дан зиёд Каратэ клублари рўйхатдан ўтган (2002). Нурхон Нафасов, Алишер Содиков, Михаил Голованов каби тажрибали мураббийлар қўл остида шуғулланган Илҳом Каримов, Отабек Қосимов, София Каспўлатова, Дониёр Холматов, Азамат Али Қаландаров сингари Каратэчилар жаҳон кубоги ва Осиё чемпионатларида совринли ўринларни эгаллашган.
