Енгил атлетика

Енгил атлетика — спортнинг энг оммавий турларидан бири. Турли масофаларга югуриш, спортча юриш, сакраш (баландликка, узунликка, уч ҳатлаб, лангарчўп билан), улоқтириш (найза, лаппак, босқон), ядро ирғитиш, кўпкураш (ўнкураш, еттикураш) машқларини ўз ичига олади. Енгил атлетикада 50 дан зиёд машқ бор, улардан 49 таси Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган (2000 йилги Сидней олимпиадасида эркаклар Енгил атлетиканинг 22, аёллар 20 турида мусобақалашишди). Бундан ташқари, Енгил атлетика замонавий бешкураш ва триатлон спорт турларининг бир машқини ташкил этади, барча спорт турларининг машгулот, таълим муассасаларининг ўқув, ҳарбий-тайёргарлик, саломатлик машқлари, ўқувчи-ёшларнинг «Алпомиш» ва «Барчиной» спорт синовлари дастуридан жой олган. Гомернинг «Илиада», Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» ва бошқа китобларда Енгил атлетика машқларига оид маълумотлар учрайди.

Қадимги Олимпиада ўйинларида (милоддан аввалги 776 йилдан милодий 394 йилгача) асосан Енгил атлетика бўйича мусобақалар уюштирилган. Замонавий Енгил атлетиканинг ривожланишида 19-асрда Англияда (1837 йилдан) мусобақалар, Афинада (1859 йилдан) умумгрек ўйинлари ўтказилиши ва олимпиада тикланиши (1896 йилдан)нинг аҳамияти катта бўлди. 1912 йилда Халқаро ҳаваскор Енгил атлетикачилар федерацияси (IAAF) тузилган, унга 200 мамлакат аъзо (2001 йил; Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси 1993 йилдан аъзо). IAAF 1977 йилдан жаҳон кубоги (ҳозирги кунда Гран-при мусобақалари), 1983 йилдан жаҳон биринчилиги мусобақаларини ўтказиб келади.

Ўзбекистонда Енгил атлетикага қизиқиш 1885 йилда Марғилонда шу турга мослаштирилган ўйингоҳ барпо этилгандан кейин кучайди. Тошкентда 1902 йилдан Енгил атлетика мусобақалари, 1919 йилдан мамлакат биринчиликлари, 1927 йилдан спартакиада ўтказила бошлаган. Ўзбекистонда 135 мингдан зиёд киши 140 дан ортиқ мураббий қўл остида Енгил атлетика билан шуғулланади, мураббийлардан 3 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, 10 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози унвонига эга (2001). Ўзбекистонлик Енгил атлетикачилар 1952 йилдан Олимпиада ўйинларида қатнашади.

Олимпиадаларда Марина Шмонина (4x100 м га эстафетали югуриш, 1992) олтин, Родион Гатаулин (лангарчўп билан сакраш, 1988) кумуш медални қўлга киритган, Рамиль Ғаниев (ўнкураш, 1996) 8-ўринни эгаллаган. Олег Ряховский (уч хатлаб сакраш), Роза Бабич (200 м га тўсиқлар оша югуриш) ва Татьяна Бирюлина (найза улоқтириш) жаҳон рекордини янгилаган. Ашур Нормуродов (узок, масофага югуриш) уч марта собиқ Иттифоқ чемпиони бўлган (1967— 69). Осиё ўйинларида 1994 йилда Светлана Мунькова (баландликка сакраш), Рамиль Ғаниев (ўнкураш), Оксана Яригина (найза улоқтириш), 1998 йилда Олег Веретельников (ўнкураш), Сергей Войнов (найза улоқтириш) олтин медаль билан тақдирланган Енгил атлетика АҚШ, Буюк Британия, Германия, Куба, Хитой каби мамлакатларда яхши ривожланган.

Поделиться