Дзюдо

Дзюдо (японча дзю — юмшоқ, до — йўл) — спорт яккакураши. Дзюдога Японияда профессор Дзигоро Кано (1860—1938) 1882 йилда асос солган. У японларнинг жиу-жицу яккакурашидан инсон саломатлигига зиён етказмайдиган усулларини олиб, Дзюдони жисмоний баркамолликка етаклайдиган спорт тури сифатида шакллантирди. Дзюдочилар кимано (оқ калта камзул ва чолвор) кийиб, ялант оёкда татами (гилам) устида беллашадилар. Асосан 7 вазн тоифасида (эркакларда 60, 66, 73, 81, 90, 100, 100+, аёлларда 48, 52, 57, 63, 70, 78, 78 + кг) мусобақа уюштирилади, кураш эркакларда 5 минут, аёлларда 4 минут давом этади. Тик туриб курашилганда рақиблар (чалиш, силтаб ташлаш, елкадан ошириб отиш ва ҳ.к.) усуллар қўллаб бир-бирларини татамига йиқитиб баҳо олишга ҳаракат қиладилар. Ётиб курашилганда қўл-оёқларни қайириш, оғритиш ва бўғиш усулларини қўллаб, рақибининг елкасини татамига 30 секунт давомида босиб туриб енгишга (енгилганини тан олишга мажбур этишга) рухсат этилади. Усуллар бажарилишига қараб, курашчиларга «коко», «юко», «вазари» ва «иппон» бахрлари берилади («иппон» — соф ғалаба, 2 та «вазари» — ғалаба, «юко» ва «коко» бахрлари санаб борилиб, якунда инобатга олинади).

Дзюдо бўйича мусобақалар 1883 йилдан  ўтказилади. Халқаро Дзюдо федерацияси (FIJ) 1956 йилда тузилган, унга 150 га яқин мамлакат, шу жумладан Ўзбекистан Дзюдо федерацияси аъзо (1991). 1956 йилдан жаҳон чемпионати ўтказиб келинади, 1964 йилдан олимпиада ўйинлари дастурига киритилган. Ўзбекистонда Дзюдо билан 20-асрнинг 80-йилларидан шуғулланилади.

Дзюдонинг айрим жиҳатлари ўзбек курашига ўхшаш бўлгани учун тез оммалашди. Дзюдочиларимиз, айниқса, мустақиллик йилларида юқори натижаларга эришди, улар нуфузли мусобакаларда 30 дан зиёд медаль билан такдирланишди. Жумладан, Армен Багдасаров олимпиада (1996) ва Осиё ўйинларида (1998) — кумуш, Фарҳод Тўраев жаҳон чемпионатида (1999) — кумуш ва «А» тоифасидаги мусобақаларда (1998, 2001) — 2 та олтин, Эгамназар Акбаров жаҳон универсиадасида (2001) — олтин, «А» тоифасидаги мусобақаларда Камол Муродов (1998) ва Владимир Штурбабин (1999) — олтин, Сузанна Аҳмедова Осиё чемпионатида (1999) — бронза медалларини қўлга киритишган.

Поделиться