Волейбол
Волейбол (инглизча volley ball, volley — уриб қайтармоқ ва ball — копток) — жамоа бўлиб ўйналадиган спорт ўйини. Ўртасидан тўр билан (эркаклар мусобақаси учун 2,43 м ва аёллар мусобақаси учун 2,24 м баландликда) бўлинган 9x18 м ли майдончада ўйналади. Бир жамоа 6 кишидан иборат бўлиб, 2 жамоа ўйнайди. Ўйинчилар тўпни қўл билан уриб, рақиб майдонига туширишга ҳаракат қиладилар. Коптокни уч уришда рақиблар томонига ўтказиш лозим. Мусобақа 3 ёки 5 тур ўйналади. Волейбол АҚШда пайдо бўлган (1895).
Халқаро федерация (FIVB; 1947 йил асос солинган) га 180 дан ортиқ мамлакат аъзо. 1964 йилдан Олимпия ўйинлари дастурига киритилган, 1949 йилдан жаҳон биринчиликлари ўтказилади. Волейбол Ўзбекистонда 1920 йилдан ўйналади. Ўзбекистон Республикаси 1991 йил Халқаро Волейбол федерациясига, 1992 йил Осиё Волейбол конфедерациясига аъзо бўлиб кирди. Ўзбекистонда бу спорт тури билан 700 мингдан ортиқ киши мунтазам шуғулланади. У мактабларда оммавий тус олган, жисмоний тарбия бўйича дастурнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
