Бодибилдинг

Бодибилдинг, културизм (инглизча BodyBuilding - тана тузилиши) - спорт тури. Тана мушакларини гантел, штанга, тош ва ҳ.к. ёрдамида ривожлантириш, уни чиройли ва бақувват қилишга қаратилган машқлар тизими. Бундай машқларга дастлаб Юнонистон ва қадимги Римда катта эътибор берилган. Мисрда гавда мускуллари чиройли, келишган одамларгина фиръавн унвонига муносиб бўлган. Кейинчалик бу хилдаги машқлар кўп мамлакатларга тарқалди. 19-аср охирида Буюк Британияда ҳозирги замон културизми (французча culturisme, инглизча physical culture - гавда маданияти) асослари ишлаб чиқилди. 1901 йилдан эркаклар гавда гўзаллиги халқаро конкурслари, 20-аср ўрталаридан эса културизм бўйича ҳар йили жаҳон чемпионатлари ўтказила бошланди. 1946 йил Халқаро културизм (бодибилдинг) федерацияси (IFBB) ташкил қилинди. 170 дан ортиқ давлат бу федерация аъзоси.

Ўзбекистонда Бодибилдинг 1960 йиллардан пайдо бўлди ва дастлабки мусобақалар уюштирилди. Аммо 80-йилларга келиб унга буржуа спорт тури сифатида салбий баҳо берила бошланди ва унутиб юборилди. Мустақиллик йилларида жисмоний тарбия ва спортнинг барча турлари қатори Бодибилдингга ҳам эътибор кучайди. Бодибилдинг ишқибозлари кўпайди. Бодибилдинг бўйича турли кўрик ва мусобақалар ўтказилмоқда. Даниил Плакида, Фуат Гимуш, Руслан Муродасилов, Рустам Фотиҳов, Геннадий Блажко, Иброҳим Бекбойев таниқли Бодибилдингчилардир.

 

Поделиться