Биатлон
Биатлон (би ва юнонча athlon—мусобақа)—қишки спорт тури, чанғида югуриш ва маълум марраларга келиб милтиқдан отиш, яъни икки марта (чанғи пойгаси ва отишда) мусобақалашиш. Биатлон 17-аср 70-йилларида Норвегияда пайдо бўлди. 1718 йил Швеция Норвегия урушида жанг майдонида тўлиқ қуролланган Биатлончилар бўлган. Ҳалигача Норвегиянинг Лиллехамер шаҳри гербида ўқчи чанғичининг тасвири бор. Биатлон кўп вақтгача «ҳарбийлар спорти» ҳисоблаб келинган. 1948 йилда Халкаро замонавий бешкураш ва Биатлон уюшмаси (UIPMB) тузилди, унга 70 дан ортиқ мамлакат аъзо (1991). 1958 йилдан жаҳон чемпионлиги учун мусобақалар ўтказилади, 1960 йилдан қишки олимпия ўйинлари дастурига киритилган. 1984 йилдан (Франция) аёллар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилади.