Автомобиль спорти

Автомобиль спорти, автомобиль пойгаси — спорт автомобиллари ва серияли автомобилларда ўтказиладиган пойга, спорт тури. Биринчи автомобиль пойгаси 1894 йил 18 ноябрда Францияда Париж-Руан-Париж йўналиши бўйича 1200 км масофада ўтказилган. Қоидага мувофиқ тезлик чекланган (соатига 12,5 км) эди. Пойга айланма шосселар, тўғри шосселар, автодром, ипподром, велодром, стадионларда ўтказилади. Белгиланган масофада рекорд қўйиш учун махсус пойгалар ҳам ўтказилади. Пойгада қатнашадиган автомобилларнинг халқаро таснифи (асосий мезон — автомобиль русуми ва двигателнинг иш ҳажми) ва техника талаблари вақт-вақти билан ўзгариб туради.

Чет элда жаҳон чемпионлиги учун айланма шосселарда ўтказиладиган автомобиль пойгалари ва Европа чемпионлиги учун ўтказиладиган авторалли асосий мусобақалар ҳисобланади. Халқаро автомобиль федерацияси (1904 йил) ташкил этилган. Жаҳон биринчилиги 1925 йилдан ўтказиб келинади. 1965 йил ноябрда америкалик пойгачи Крэг Бридлав реактив двигателли автомобилда соатига 966, 554 км тезликда йўл босиб мутлақ рекорд қўйди. Автомобиль спорти бўйича собиқ Иттифоқ биринчилигида Рига шаҳрида Ўзбекистон жамоаси 1978 йилда биринчи марта қатнашди. Ўзбекистон спортчиларидан Муроджон Қаюмов энг яхши натижа кўрсатди.

1996 йил Ўзбекистонда биринчи марта Пскент шаҳри яқинидаги «Ужний» автополигонда тезлик рекорди ўрнатилди. В. Е. Александров 100 км масофада ўртача 118 км/ соат тезликка эришди. 1997 йил шу жойда биринчи марта Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Ўзбекистонда Автомобиль спортининг 264 та секцияси бўлиб, 22 395 киши спортнинг шу тури билан шуғулланади. 116 947 киши оммавий спорт разрядига эга, 41 нафар спорт усталигига номзод, 10 нафар спорт устаси бор (1997 йил). Каримжон Маҳкамжонов.

 

 

Поделиться