Эркин кураш
Эркин кураш - спорт тури, икки киши (спортчи)нинг белгиланган қоидалар асосида ғолиблик учун олишуви. Эркин кураш мусобақалари диаметри 9 м (ёки ўлчами 12x12 м) спорт майдонида ўтказилади. Эркаклар 55, 60, 66, 74, 85, 97 ва 120 кг, аёллар 48, 52, 57, 63, 70, 78 ва 78 кг дан зиёд вазн тоифаларида курашадилар. Мусобақалашиш вақти 2 минутдан 3 давра, давралар орасидаги танаффус 30 секунддан. Эркин курашда силтаб тортиш, қарийб ва айлантириб ташлашга, оёқ қисмидан ушлаб усуллар бажаришга рухсат этилади. Бажарилган усуллар 5 (соф ғалаба), 4 (техник устунлик ёки четлатиш), 3, 1 очко билан баҳоланади. Ғолиб тўплаган очколарига кўра аниқланади. Агар курашчилардан бири 5 очкога мос усул бажарса, 1, 2-даврада кетма-кет ғолиб деб топилса, рақибидан 6 очко фарқ билан ўзиб кетса, шунингдек, ҳакамлар, мураббийлар ва шифокорлар қарорига кўра ҳам олишув муддатидан олдин тўхтатилади.
Қадимдан кўплаб халқларнинг миллий кураш турларида ҳозирги Эркин курашда қўлланиладиган усуллар бўлган (қадимги Кураш). Юнонистонда ўтказилган олимпиада ўйинлари дастурига милоддан аввалги 708 йилдан бошлаб Эркин курашга ўхшаш кураш мусобақаси киритилган. Эркин курашнинг замонавий қоидалари 19-асрнинг 2-ярмида Буюк Британияда ишлаб чиқилган. 1894 йилда АҚШнинг Сент Луис шаҳрида илк йирик мусобақа ташкил қилинган. Эркин кураш мусобақалари 1904 йилдан замонавий олимпиада ўиинлари дастуридан ўрин олган.
Эркин кураш ва юнон-рум кураши турларини ривожлантириш мақсадида 1912 йилда Халқаро ҳаваскор қурашчилар ассоциацияси (ҒНА) тузилган, унга 154 давлат (Ўзбекистон 1992 йилдан) аъзо (2004). Эркин кураш бўйича 1951 йилдан эркаклар, 1995 йилдан аёллар ўртасида жаҳон чемпионатлари ўтказиб келинади. Ўзбекистонда Эркин кураш 20-асрнинг 50-йилларидан оммалаша бошлади. 1956 йилдан эркаклар, 2003 йилдан аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионатлари ўтказилаяпти. 20-асрнинг 90-йилларидан «Мустақиллик кубоги» Гранпри мусобақаси, ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати каби нуфузли мусобақаларнинг ташкил этилаётгани мамлакатда Эркин курашнинг ривожланишига замин яратди. Курсат Аблаев, Георгий Ванюхин, Александр Горелик, Қўлдош Асрақулов, Обид Назиров, Раҳмонберди Аҳмедов, Салим Абдувалиев, Маъмур Рўзиев каби мураббийлар раҳбарлигида Леонид Шипилев, Арсен Фадзаев, Махарбек Хадарцев, Руслан Хинчагов, Рамил Атаулин, Адҳам Очилов, Дилшод Мансуров, Магомед Ибрагимов, Артур Таймазов сингари Эркин курашчилар олимпиада ва Осиё ўйинларида, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда бошқа нуфузли мусобақаларда ғолиб чиқишган. Константин Михайлов, Равил Биктяков, Тоҳир Ғуломов каби ўзбекистонлик ҳакамлар халқаро Эркин кураш мусобақаларини бошқаришади. Республикадаги 715 та спорт мактаби ва тўгаракда 286 мураббий қўл остида 8780 киши Эркин кураш билан шуғулланади. Улардан 4807 нафари спорт даражаси ва унвонига эга (2004).