Оғир атлетика

Оғир атлетика — спорт тури, ҳар хил вазн тоифаларида оғир нарсалар (штанга, тош) кўтаришда мусобақалашиш. Оғирликларни кўтариш машклари қадимги замонлардан маълум. Расмий мусобақалар эса 1860-йиллардан (биринчи марта АҚШда) ўтказиб келинади. Ҳозирги вақтда штангани икки қўллаб даст ва силтаб кўтариш (1972 йилдан) Оғир атлетиканинг асосий машқлари ҳисобланади. Даст кўтаришда спортчи штангани тўхтатмай бир ҳаракат билан, силтаб кўтаришда - кетма-кет иккита ҳаракатда - аввал кўкракка олиш, кейин эса юқорига чўзилган қўлларга кўтаришни амалга оширади. Оғир атлетикачиларни (1977 йилдан) 10 вазн тоифасига (52 кг гача - 110 кг дан юқори) ажратадилар. Оғир атлетика 1896 йилдан Олимпиада ўйинлари (1900, 1908, 1912 йилдан ташқари) дастурига киради. 1896 йил 1-Европа чемпионати, 1898 йил 1-жаҳон чемпионата бўлиб ўтган.

 

Ўзбекистонда биринчи Оғир атлетика тўгараги 1917 йилда Тошкент шаҳрида очилган, у «Тошкент оғир атлетика жамияти» деб аталган. Ўзбекистонда Оғир атлетиканинг асосчиси Феоктист Гориздро ҳисобланади. Ўзбекистонда Оғир атлетика федерацияси 1992 йилдан фаолият кўрсатади. У Халқаро Оғир атлетика федерацияси — IWF га (1993), Осиё Оғир атлетика федерациясига (1994) аъзо.

 

Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси ҳар йили катталар ва ёшлар ўртасида Ўзбекистон биринчилиги мусобақаларини ўтказади. Андижон, Тошкент вилоятлари, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Оғир атлетика кенг оммалашган. Оғир атлетика секцияларида 7000 га яқин киши мунтазам шуғулланади. Халқаро тоифадаги спорт усталари Эркин Каримов (жаҳон рекордчиси, 1968), Исроил Исоқов, Ноил Мухамадёров (олимпиада ўйинларининг кумуш медали совриндорлари, 1988), Сергей Сирцов (жаҳон чемпиони, 1991, Олимпиада ўйинларининг кумуш медали совриндори, 1992), Игорь Содиқов (жаҳон чемпиони, 1991) ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи Игорь Халилов (ёшлар ўртасида Европа, жаҳон чемпиони, 1992, Осиёнинг 2 карра чемпиони 1997, 2000) Ўзбекистоннинг энг кучли Оғир атлетикачиларидир.

Поделиться