Спорт гимнастикаси

Спорт гимнастикаси - спортнинг асосий турларидан бири. Аёллар ва эркакларнинг махсус гимнастика анжомлари (снарядлари)да ва эркин машқлар бўйича ўтказилувчи мусобақаларни ўз ичига олади. Катта жисмоний куч, чаққонлик, қўрқмаслик, ҳаракатларни мувофиқлаштиришда аниқликни талаб этади. Замонавий спорт гимнастикасига 19-аср бошида немис мутахассиси Ф.Л.Ян (Ф.Л.Жаҳн) асос солган. 1973 йил Халқаро олимпиада қўмитаси тасдиқлаган замонавий спорт гимнастикаси дастурига эркаклар ўртасида (эркин машқлар, отда, ҳалқаларда бажариладиган машқлар, таяниб сакраш, мувозий (параллел) қўшпояда ва яккачўпда бажарилувчи машклар) ҳамда аёллар ўртасида (таяниб сакраш, ходада, ҳар хил баландликдаги қўшпояда бажариладиган ва эркин машқлар) ўтказиладиган шахсий ва жамоа биринчиликлари киради. Ҳар бир машқда мажбурий (Халқаро Спорт гимнастикаси федерацияси томонидан белгиланадиган) ва эркин (расмий талабларни инобатга олиб спортчиларнинг ўзлари тузадиган) композиция бўлади. Машқларнинг бажарилиши 10 балли тизим асосида баҳоланади.

 

Халқаро Спорт гимнастикаси федерацияси ФИЖ (1881 йил тузилган)га 100 дан ортиқ мамлакат аъзо. 1896 йилдан Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган, 1903 йилдан жаҳон чемпионатлари ўтказиб келинади. Ўзбекистонда спорт гимнастикаси кенг ривожланиб бормоқда. Республикада мазкур спорт турига ихтисослашган 7 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари мавжуд бўлиб, уларда 70 нафардан зиёд мураббий 1000 дан ортиқ ўғил қизга устозлик қилади.

 

Халқаро тоифадаги спорт усталари О.Чусовшпина, А.Гордеева 2004 йили Афинада бўлиб ўтадиган 28 ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритдилар. Халқаро тоифадаги спорт усталари А.Фокин, А.Маркелов, Ўзбекистон спорт усталари Ф.Хўжаев, А.Нинкова, Б.Гайфулина, Н.Жалилова, С.Акопянс, К.Ҳасанов, И.Раҳматов, Р.Осимов, И.Понамарев ва бошқа мамлакатимиз ҳамда хорижда ўтказилаётган йирик мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб келдилар.

Поделиться