Бадиий гимнастика

Бадиий гимнастика – спорт тури, буюм (тасма, копток, ҳалқа, арғамчи) билан ва усиз турли нафис гимнастика ва рақс машқларини мусиқа остида бажариш бўйича аёллар мусобақалари. Халқаро спорт мусобақаларининг ҳозирги замон дастурида кўп кураш (битта мажбурий ва буюмлар билан учта эркин машқлар) ҳамда буюм билан гуруҳ бўлиб эркин машқлар бажариш бор. Ғолиблар кўп курашда, алоҳида ва гуруҳ бўлиб бажариладиган машқларда аниқланади. Спортчиларнинг машқлари 10 балли тартиб бўйича баҳоланади. 40- йиллардан Бадиий гимнастика мусобақалари ўтказила бошланди. 50-йиллар охирида Халқаро гимнастика федерацияси (FIJ) Бадиий гимнастикани спорт тури сифатида тан олди. 1963 йилдан тоқ йиллари жаҳон чемпионатлари ўтказилмоқда, 70-йиллар бошидан Интервидение Кубоги учун йирик халқаро мусобақалар ташкил қилинмоқда. 1984 йилдан Олимпия ўйинлари дастурига киритилган.

Ўзбекистон Бадиий гимнастикачилари терма жамоаси 1991 йил Симферополда ўтган иттифоқ чемпионатида 1-ўринни олди. 1996 йил Осиё чемпионати (Хитой)да, 1997 йил жаҳон чемпионати (Германия)да иштирок этди (терма жамоа бош устози А. Малкина, хореограф В. Васильев, жамоа аъзолари И. Замятина, Т. Бударина, Ф. Шарипова, Л. Мешчерякова).

Поделиться