Баскетбол
Баскетбол (инг. basket — сават, ball — тўп) — спорт тури, 3,05 м баланддаги саватли ҳалқага тўпни қўлда ташлаб ўйналадиган жамоа ўйини. Баскетбол машғулоти ва мусобақалари учун тўртбурчак майдонча (ўлчами 26x14 м) ёки зал (баландлиги 7 м) талаб қилинади. Ҳар бир жамоада 12 нафардан ўйинчи бўлиб, майдонга бир йўла ҳар жамоадан 5 тадан ўйинчи туширилади (бу ўйинчилар алмаштирилиши мумкин). Қайси жамоа рақибининг саватига кўп тўп туширса, ўша ютган ҳисобланади. Уйинда саватга туширилган тўп учун 2 очко, жарима белгиланганда туширилган тўп учун 1 очко, жаримадан ташқаридагиси учун 3 очко берилади. Эркаклар 40 минут, аёллар 36 минут, 15 — 16 яшар ўсмирлар ва қизлар 30 минут, 13 — 14 яшар ўғил ва қиз болалар 24 минут ўйнашади. Ўйин 2 қисмдан иборат, орада 10 минут дам олинади. Белгиланган вақтда жамоалар баравар очко олса, бирор жамоа ғолиб чиққунча 5 минутдан қўшимча вақт берилади.
Баскетбол ватани АҚШдир (1891). Халқаро баскетбол федерацияси (FIBA; 1932 йил тузилган)га 177 мамлакат аъзо (1991). Баскетбол 1936 йилдан Олимпия уйинлари дастурига киритилган. 1950 йилдан Баскетбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказиб келинади. Баскетбол Ўзбекистонда 1921 йилдан ўйнала бошлаган. Ўзбекистонлик Р.Салимова 2 марта жаҳон ҳамда олимпия ўйинлари чемпиони бўлган. Баскетбол бўйича Ўзбекистон республика федерацияси олий лига жамоалари ўртасида мусобақалар ташкил этиб келмоқда. Олий лигада Самарқанд, Бухоро, Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳар ҳамда Сирдарё ва Навоий вилояти баскетболчилари мусобақалашади. Ўзбекистон терма жамоаси 1997 йил II Марказий Осиё ўйинлари — «Спрайт челленже» халқаро турнирининг ғолиби бўлди (терма жамоа бош устози А. Адисман, жамоа аъзолари 3. Хабибулин, М. Шафенков, Р. Каримов, С. Демурин, Б. Миродилов, Т. Аббосов, В. Петришчев).