Гандбол

Гандбол (немисча hand - қўл, ball -тўп), қўл тўпи — спорт ўйини. 19-аср охирида Европада пайдо бўлган. Даниялик Хальгер Нильсон ихтиро этган (1898). Гандбол учун катталиги 40x20 м ли майдон керак; оғирлиги 325—475 г, айланаси 54—58 см бўлган чарм тўп билан ўйналади. Майдоннинг икки томонида эни 3 м, бал. 2 м бўлган дарвозалар ўрнатилади. Ҳар бир жамоада 7 ёки 11 ўйинчи қатнашади. Ўйинчи тўп билан фақат 3 қадам қўйиши ва уни қўлида 3 секунтгача тутиб туриши мумкин. Ўйин 2 бўлимдан иборат бўлиб, эркаклар мусобақаси 1 соат, аёллар мусобақаси 50 минут давом этади. Халқаро Гандбол федерациясига (IHF; 1946 йил асос солинган) 106 мамлакат аъзо. 1972 йилдан эркаклар, 1976 йилдан аёллар Гандболи Олимпия ўйинлари дастурига киритилган. 1938 йилдан эркаклар ўртасида, 1956 йилдан аёллар ўртасида жаҳон биринчилиги ўтказилади.

 

Ўзбекистонда Гандбол 1923—24 йилларда пайдо бўлиб, биринчи мусобақа 1926 йилда Тошкентда ўтказилган. 1991 йил Ўзбекистон Республикаси Гандбол федерацияси тузилди. Республиканинг барча вилоятларида Гандбол бўйича болалар спорт мактаблари, эркаклар, аёллар ва болалар жамоалари бор. 1991 йилдан Ўзбекистан чемпионати мунтазам ўтказилади. Ўзбекистон Гандболчилари терма жамоаси (аёллар) Осиё чемпионатида 4-ўринни эгаллади ва Германияда ўтказилган жаҳон биринчилиги мусобақаларида қатнашди (1997). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устозлари Ф. Абдураҳмонов, В. Каплинский, хизмат кўрсатган спорт устаси, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони М. Васильев, халқаро миқёсдаги спорт устаси, жаҳон чемпиони С. Землянова, спорт усталари А. Абзалова, Ольга Абдулла ва бошқаларнинг Гандбол ривожланишида катта ҳиссаси бор.

 

Поделиться