Қиличбозлик
Қиличбозлик - спорт тури, қоида асосида тиғли спорт қуроллари — рапира, қилич, шамшир (шпага) воситасида яккама-якка ўтказиладиган мусобақа. Спортчилар махсус тўрли ниқоб, ҳимоя воситаси бор оқ кийим ва қўлқоп кияди. Берилган туртки (укол)ларни қайд этиш учун рапира ва қилич мусобақасида кийим, шамшир мусобақасида шамширнинг ўзи электрон тизимга уланади. Рапира (узунлиги 110 см; оғирлиги 500 г) мусобақасида кийилган металл нимчага, қилич (105 см; 500 г) мусобақасида гавданинг белдан юқори қисмига, шамшир (110 см; 770 г) мусобақасида гавданинг барча қисмига туртки берилади. Мусобақалар эни 2 м, узунлиги 14 м йўлақда 3 минутдан 3 давра (танаффус 1 минутдан) 5 -15 турткигача олиб борилади. Даврада ҳисоб тенг бўлиб қолса, қуръа ташланади ва қўшимча белгиланган 1 минут вақт ичида биринчи туртки берган спортчи ғолиб саналади.
Агар томонлар туртки бера олмаса, ғолиб ташланган қуръага кўра аниқланади. Қиличбозлик қадимдан кишилик жамияти турмуш тарзининг бир қисми бўлган, спорт тури сифатида эса 15 -16-асрлардан Испания ва Италияда шакллана бошлаган. 1517 йил италиялик А.Мароцци Қиличбозлик бўйича илк ўқув қўлланмасини яратди. 17-аср охирларида Францияда Қиличбозлик қоидалари ишлаб чиқилди ва мусобақалар ўтказилди. 1896 йилдан Қиличбозлик олимпиада ўйинлари дастурига киритилган. 1913 йилда Халқаро Қиличбозлик федерацияси (Ғ1Е) тузилди, унга 120 давлат (Ўзбекистон 1992 йилдан) аъзо (2005). 1937 йилдан Қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати ўтказиб келинади.
Қиличбозлик АҚШ, Венгрия, Германия, Италия, Польша, Россия, Руминия, Франция, Хитой каби давлатларда кенг ривожланган. Ўзбекистонда Қиличбозлик спорт тури сифатида 20-асрнинг 50-йилларидан оммалашди. 1954 йилдан Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилади. Республикада Қиличбозликнинг ривожланишида Ксения Тожиева, Иосиф Маркин, Дмитрий Иценко, Пўлат Абдураззоқов, Игорь Артишкин, Шавкат Турдиқулов каби мураббийлар катта ҳисса қўшишди. Собир Рўзиев, Александр Парахин, Виталий Логвин, Валерий Захаревич, Светлана Филимонова, Аниса Петрова, Бахтиёр Ғаниев, Дилором Каримқулова сингари қиличбозлар олимпиада ўйинлари, жаҳон чемпионати ва бошқа нуфузли мусобақаларда совриндор бўлишган. Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги 13 та Қиличбозликка ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ва тўгаракларда 46 нафар мураббий қўл остида 648 киши (189 нафари аёл) Қиличбозлик билан шуғулланади (2005).