Бадминтон

Бадминтон (Англиянинг Бадминтон шаҳри номидан) — патли копток (волан)ни ракетка билан уриб ўйналадиган теннисга ўхшаш спорт ўйини. Ўйин тўртбурчакли майдончада (яккама-якка учрашувларда майдонча ўлчови 13,4x5,2 м ва жуфтли ўйинларда 13,4x6,1 м) 1,55 м баландликда тортилган тўрда ўтказилади. Ўйинда рақиб урган коптокчани ерга туширмай унга қайтариш муҳимдир. 15 хол (аёллар ва болалар 11 хол) гача саналади. 3 ёки 5 қур ўйналади. Хол 0 ва жуфт бўлганда коптокча ўнгдан, тоқ бўлганда чапдан урилади.

Жуфтли ўйинларда ўнг томондан бошланиб, ҳар холдан кейин ўйинчилар шериги билан ўрин алмаштиради. Бадминтон қадимги Малайяда вужудга келган, кейинчалик Осиёдаги бошқа мамлакатларга тарқалган. 19-аср 70- йилларида Англияда расм бўлиб, ўйин қоидалари ишлаб чиқилгач Европанинг бошқа мамлакатларига ҳам ёйилди.

Халқаро бадминтон федерацияси (IBF) 1934 йил ташкил топди, унга 80 дан ортиқ мамлакат аъзо (1991). 1977 йилдан жаҳон биринчилиги ўтказиб келинади. 1992 йилдан Олимпия ўйинлари дастуридан жой олди. Эркаклар учун Томас кубоги (1947 йилдан), аёллар учун Убер кубоги (1955 йилдан) энг йирик халқаро мусобақалар, Англиянинг очиқ биринчилиги (Уимблдон турнири) эса норасмий жаҳон чемпионата ҳисобланади. Бадминтон Ўзбекистонда 50- йиллардан ривожлана бошлади.

Поделиться