Байдарка ва каноэда эшкак эшиш

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш — спорт тури, пойгалар ва слаломдан иборат. Байдарка ва каноэда эшкак эшиш мусобақалари 19-асрнинг 60-йилларида Европанинг кўпгина мамлакатларида эшкакчилар клублари пайдо бўлгандан сўнг бошланди ва аввал байдаркаларда, кейин каноэда спорт пойгалари ўтказиладиган бўлди.

Халқаро каноэ федерацияси (ИКФ, 1946 йил ташкил топган) 54 миллий федерацияни бирлаштиради (1991). 1936 йилдан Байдарка ва каноэда эшкак эшиш олимпия ўйинлари дастурига киритилган, 1938 йилдан жаҳон чемпионатлари ўтказилади. Байдаркалардаги мусобақалар аёллар ва эркаклар ўртасида, каноэда эса — фақат эркаклар ўртасида бўлади. Байдаркалар бир кишилик, икки кишилик ва тўрт кишилик, каноэ — бир кишилик ва икки кишилик. 1972 йилдан байдарка ва каноэда слалом мусобақалари олимпиада мусобақалари дастурига тажриба тариқасида киритилган.

Ўзбекистонда бу спорт тури ҳаваскорлари 50-йиллардан сув ҳавзалари, анҳор ва дарёларда машқ қилиб, мусобақаларда қатнаша бошладилар. Ўзбекистон терма жамоаси 1996 йилги 26-ёзги олимпия ўйинларида ва айниқса 1997 йилги Осиё биринчилигида муваффақиятли иштирок этди. Сокчасити (Жан. Корея) шаҳрида бўлган қитъа чемпионатида 12 олтин, 11 кумуш, 9 бронза медали қўлга киритилиб, биринчи ўрин эгалланди. Жамоа муваффақиятига халқаро спорт усталари ака-ука С. ва В.Шоисломовлар (каноэ), Д. Коваленко (каноэ), Т. Левина, И. Лялина, А. Шпиганович, И. Исакова (байдарка) катта ҳисса қўшишди. Ўзбекистон Байдарка ва каноэда эшкак эшиш жамоаси 13-Осиё ўйинлари (Бангкок, 1998) чемпиони номини ҳам олди, Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўиича асосий спорт базалари Тошкент денгизи, Чорвоқ сув омбори, Самарқанд эшкак эшувчилар каналидадир.

Поделиться