От спорти

От спорти — отда юриш мусобақаси. Асосий турлари: от йўрттириш; конкур-иппик (тўсиқлардан сакраб ўтишнинг юксак тури); уч кураш (манежда юриш), далада синаш (йўдда юриш, стипл-чейз, кросс) ва тўсиқлардан сакраш; пойга, отда ов қилиш, от устида машқ қилиш ва бошқалар. Милоддан аввалги 680 йилдан бошлаб антик Олимпиада ўйинлари дастурига от араваларда мусобақалар киритилган эди. Отда юришнинг махсус мактаби 16-аср бошида Италия, Франция, Испания, Австрияда пайдо бўлди. Ўрта Осиё, Закавказье, Шим. Кавказ, шунингдек, казаклар яшайдиган жойлар (Дон, Кубань, Урал, Терек)да қадим замонлардан миллий от ўйинлари ривожланган. Ўзбекистон ҳудудида От спорти тахминан 3 минг йиллик тарихга эга. Улоқ (кўпкари), оломон-пойга, «ағдариш», «қиз қувди» халқнинг оммавий миллий От спорти ўйинлари ҳисобланиб келган.

Ҳозир замон От спорти 1900 йилдан Олимпиада ўйинларидан жой олган. 1953 йилдан жаҳон ва Европа чемпионатлари ўтказилади. От спорти Халқаро федерацияси - FEI (1921 йил тузилган) 100 га яқин мамлакат миллий федерацияларини бирлаштиради. Ўзбекистон От спорти федерацияси унга 1993 йилдан аъзо. 20-асрнинг 30-йиллари бошида Ўзбекистонда ДОСАРМ (Армияга кўмаклашувчи кўнгилли жамият) ташкил қилинган эди. Унда армиянинг кавалерия қисмлари учун отлиқлар тайёрланарди. 1953 йил ДОСАРМ от спорти клуби ДОСААФ (Армия, авиация ва флотга кўмаклашувчи кўнгилли жамият) от спорти клубига айлантирилди.

Шу йилдан ўтказила бошлаган бутуниттифоқ мусобақаларида ўзбек спорт усталари муваффақиятли қатнашган. Александр Киселёв, Жўра Алимов, Владимир Арафьев, Роза Багаутдиновадан иборат жамоа аъзолари ДОСААФ мамлакат кубогини қўлга киритдилар (1954). 1960 йилгача От спорти фақат пойтахт Тошкентдаги ягона спорт клуби базасида ривожланган бўлса, кейинги ўн йил оралиғида республикада бир қанча От спорти клублари ва секциялари очилди. Халқаро тоифадаги спорт устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий М. Исмоилов, шунингдек, В. Дворянинов, А. Абдуқодиров, Ю. Ковшов, Искандар ва Иброҳим Йўддошев, В. Петров, С. Лисицин, А. Танковлар олимпиада ўйинлари, жаҳон ва Европа чемпионатларида, бошқа халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этдилар. 1990 йилгача От спорти бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бу мусобақаларда 50 дан ортиқ медални қўлга киритган.

Ўзбекистонда республика От спорти олий маҳорати мактаби, 3 та олимпия захиралари мактаби ва 5 та болалар ҳамда ўсмирлар спорт мактаблари фаолият кўрсатади (2003). Ҳар йили От спорти бўйича республика чемпионати ўтказилади. 1997 йилдан Ўзбекистон миллий терма жамоаси мустақил равишда халқаро мусобақаларда қатнашади. Ўзбекистонликлар жаҳон кубоги мусобақаларида тўсиқлардан сакраш бўйича 1-ўринни эгаллади (2003 йил, Бишкек шаҳри), Ғайрат Назаров «Ковум» лақабли отида жаҳон кубогини қўлга киритди (1998, Олмаота), Сергей Шмелев, Искандар Йўлдошев, Александр Мартинов, Анна Лисяк совринли ўринларни эгалладилар.

Поделиться