Регби
Регби - (Англиянинг Регби шаҳарчаси номидан) – спорт ўйини. 2 жамоа (ҳар бири 15 кишидан) узунлиги 27–29 см бўлган тухумсимон шаклдаги тўп билан Нсимон дарвозали махсус майдончада (катталиги 95-100x65-68 м) ўйнайди. Ўйин (40 минутдан 2 тайм давом этади)дан мақсад - тўпни бир-бирига қўлда (орқага) ёки оёқга (хоҳлаган йўналишда) ошириб, уни рақиб майдонидаги дарвоза чизиғи орқасига тушириш ёки дарвозага киритишдан иборат. Рақибни ушлаб ёки елка билан туртиб йиқитиб, унга ҳалақит бериш мумкин.
Ўйин қоидаси бузилганда «олишув» - тўп талашиш белгиланади. Кўп очко тўплаган жамоа (тўпни ерга тегизиш - 4 очко, тупни дарвозага киритиш - 3 ёки 2 очко) ютган ҳисобланади. Бу ўйин Қадимги Хитой ва Қадимги Римда тарқалган. Замонавий Регби ўйини 1823 йилда Англияда пайдо бўлди. 1888 йилда Регби бўйича халқаро мусобақа ўтказилди. 1900, 1908, 1920, 1924 йилда Регби Олимпиада ўйинлари дастурига киритилди. Регби Халқаро ҳаваскорлар федерацияси FLRA (1934 йил тузилган)га 40 дан ортиқ мамлакат аъзо. 1960 йилдан FLRA Кубоги (норасмий жаҳон чемпионати) ўтказилади. Регби спорти Ўзбекистонда 1969 йил «Локомотив» жамияти ҳузурида вужудга кедди. 1970-71 йилларда Тошкент политехника институтида Регбичилар жамоаси ташкил қилинди. 1982-91 йилларда Регби буйича Жонибеков кубоги мусобақалари ўтказилди. Ўзбекистон терма жамоаси халқаро мусобақалар (1988, Буюк Британия, 1989, Корея Республикаси)да иштирок этди.
Ўзбекистонда регбининг ривожланиш тарихи.
Ўзбекистонга регбининг кириб келишининг расмий тарихи 1969 йилдан бошланади. Бу вақтгача бу спорт тури ташаббускорлари ўзаро йиғилишиб, турли ялангликларда ўз машғулотларини ўтказиб келдилар.
Ўзбекистонда регбининг расмий спорт турига айланишининг асосчиси бўлиб Вали Тожиев ҳисобланади. 1969 йили Тошкент шаҳридаги Политехника институтида асосини ушбу ОЎЮ талабалари ва ходимлари ташкил қилган “Политехник” жамоаси расман рўйхатга олинди.
1970 йилдан 1975 йилгача аста-секин турли жамиятларда «Локомотив» (Тошкент ш.), «Старт» (Тошкент ш.), «Спартак» (Тошкент ш), «Строитель» (Тошкент ш), «Нефтяник» (Фарғана ш.), «Факел» (Фарғона ш.), «Шовот» (Урганч ш.) жамоалари яратилди ва айна шу йиллари «Политехник» жамоаси СССР Чемпионатининг 1-лигасида қатнаша бошлади.
1980 йили яна битта жамоа – Ҳарбий ҳаво кучларининг СКА жамоаси яратилди ва у СССР Қуролли кучлари чемпионатида, 1981 йилдан эса СССР Чемпионатининг 1-лигасида қатнаша бошлади.
1980 йилдан Ўзбекистонда “Косманавт Жонибеков номидаги кубок” ўтказила бошланди, унда собиқ Иттифоқнинг энг кучли жамоалари иштирок этдилар. Яна шу вақтда ҳар бир клубда барча ёш тоифалари бўйича болалар-ўсмирлари жамоалари очилди, улар “Олтин овал” соврини учун Бутуниттифоқ мусобақаларида иштирок эта бошладилар.
1983 йили “Звезда” (Тошкент) жамоаси яратилди, у СССР Қуролли кучлари чемпионатида қатнаша бошлади. 1984 йилдан 1990 йилгача собиқ Иттифоқ қуролли кучлари Чемпионатларида қатанашди ва уларда совринли ўринларни эгаллади. 1985 йили “Звезда” жамоасининг 21 ёшгача бўлган ўйинчилари собиқ Иттифоқ ёшлар чемпионатида ғолиб чиқдилар. 1988 йили жамоа биринчи лига жамоалари ўртасида ғолиб чиқди ва СССР чемпионатининг олий лигасида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди ҳамда чемпионатдаги етакчи ўринларни эгаллайди.
Ҳар бир клубда барча ёш тоифалари бўйича болалар-ўсмирлар жамоалари фаолият олиб бордилар ва улар заҳира тайёрлаш билан шуғулландилар.
СССР чемпионатида Ўзбекистондан 5 та жамоа иштирок этдилар:
- Олий лига – «Звезда» Тошкент
- Биринчи лига – «Политехник» Тошкент, «Факел» Фарғона, «Шовот» Урганч, ҲҲК СКА (Тошкент),
Бу вақтга келиб Ўзбекистонда ўнлаб “СССР спорт усталари” ва “Халқаро тоифадаги спорт усталари” тайёрланди. Турли вақтларда Ўзбекистон клубларининг 10 та ўйинчиси собиқ Иттифоқ терма жамоаси таркибига чақирилдилар.
1990 йили “Сўғдиёна” аёллар жамоаси яратилди ва Тошкентда аёллар жамоалари ўртасида “Осиё лигаси” мунтазам равишда ўтказила бошланди, унда собиқ Иттифоқнинг барча республикаларидан 10 та жамоа иштирок этдилар.
Собиқ Иттифоқнинг парчаланиши Ўзбекистонда регбининг ривожланишига кучли зарба бўлди. 1991 йилдан кейин 3-4 йил ичида жамоалардаги мураккаб иқтисодий муаммолар туфайли кўпгина етакчи ўйинчилари ўз спорт фаолиятларини хорижий клубларида давом эттириш учун кетиб қолдилар, молиялаштиришнинг барҳам топиши эса ўз навбатида мураббий кадрларнинг кетиб қолишига олиб келди.
Регбининг иккинчи туғилиш йили сифатида 2001 йилни ҳисоблаш мумкин. Регби фахрийлари ва қолган мураббийлардан иборат ташаббус гуруҳи яратилди, у Ўзбекистонда регбини қайта тиклашга қарор қилди. Тошкент шаҳрида регби федерацияси очилди, у нафақат Тошкент шаҳрида, балки Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам регбини ривожлантира бошлади. Жиззах, Янгиер, Тўрақўрғон, Чирчиқ, Самарқанд шаҳарларида жамоалар яратилди.
2002 йилдан бошлаб аёллар терма жамоаси Осиё чемпионатида иштирок эта бошлади, 2006 йили Ўзбекистон аёллар жамоалари ўртасида Осиё чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди, унда Ўзбекистон жамоаси бронза медали учун курашда жуда кучли бўлган Гонгконг терма жамоасига қўшимча вақтда имкониятни бой берган ҳолда 4-ўринни эгаллади. 2008 йили қизларимиз Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритдилар, шу йили регби бўйича эркаклар терма жамоаси Осиё чемпионатидаги ўз иштирокини бошлади.
2006 йили регби федерацияси ARFU (Осиё регби иттифоқи) нинг тўлиқ ҳуқуқли аъзосига айланди ва шу йилдан бошлаб IRB (Халқаро регби кенгаши) нинг ассоциацияли аъзоси ҳисобланади. 2014 йилнинг 14 майидан Ўзбекистон IRB нинг тўлиқ ҳуқуқли аъзосига айланди.
Яратилган вақтдан бошлаб Ўзбекистон Регби Федерацияси Регби-7 бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида Ўзбекистон биринчиликларини мунтазам равишда ўтказиб келмоқда, 2011 йилдан бошлаб эса эркаклар жамоалари ўртасида регби бўйича Ўзбекистон Чемпионати қайтадан ўтказила бошланди.
Ўзбекистоннинг турли минтақаларида болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари (БЎСМ), олимпия заҳиралари болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари (ОЗБЎСМ), олимпия заҳиралари коллежларида регби гуруҳлари яратилмоқда. Талабалар ўртасида ҳам регби ривожлана бошлади. Эркаклар ва аёллар жамоалари яратилмоқда. Клублар ўз жамоаларини регби-7 учун ҳам, регби учун ҳам қўймоқдалар.
Эркаклар ўртасида регби бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси “Беш миллат кубоги” расмий номга эга бўлган Осиё чемпионатида иштирок этиб келмоқда. Регби-15 ва Регби-7 бўйича Ўзбекистон ёшлар миллий терма жамоаси ҳам Осиё чемпионатида иштирок этмоқда.
Аёллар ўртасида Ўзбекистон терма жамоаси Регби бўйича 2008 йилдаги Осиё чемпионатининг бронза медали соҳиби ҳисобланади.
Ўзбекистонда регбининг ривожланишига кучли туртки 2014 йилдан бошланди. Қайтадан тикланган аёллар ўртасидаги олимпия терма жамоаси Инчонда ўтказилган 2014 йилдаги Осиё ўйинларида 7-ўринни эгалади.
Бундан ташқари 2014 йил ҳарбий хизматчилар ўртасида регбининг қайта тикланиш йили бўлди. Бу тузилма ўртасидаги ребининг ривожланиш динамикаси айниқса қувонтиради. Агар Мудофаа вазирлиги кучлари ўртасида 2014 йилда ўтказилган биринчи чемпионатда 10 та жамоа иштирок этган бўлса, 2015 йилда ўтказилган иккинчи чемпионатдаги саралаш босқичида 30 дан ортиқ жамоа иштирок этдилар, финалга эса 12 та жамоа чиқдилар, улар Қуролли кучлар чемпиони унвони учун ўзаро баҳс олиб бордилар.
2015 йили Чинайда (Ҳиндистон) ўтказилган Asian Olympic Pre-Qualifier турнири якунларига кўра регби-7 бўйича аёллар жамоси биринчи ўринни эгаллади, бу эса Ўзбекистоннинг Бразилияда ўтказилувчи Олимпия ўинларига чиқиш учун курашишига имконият беради.
Регби бўйича эркаклар терма жамоаси 2015 йилдаги Осиё чемпионати III дивизиони ғолибига айланди, бу унга плей-оффда қатнашиш ва Осиё биринчилиги II дивизионидаги ўринга давогарлик қилиш ҳуқуқини берди.
Ўзбекистоннинг турли минтақаларида болалар регбиси бўйича турли фестиваллар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Болалар ва кадетлар ўртасида регби машғулотларини ўтказиш мақсадида «Get into rugby» дастури доирасида ўқувлар ва мураббий кадрларни қайта тайёрлашлар мунтазам равишда ўтказилмоқда.
Ўзбекистон бўйича республиканинг 9 та минтақасида регби федерациялари очилди ва фаолият олиб бормоқда:
Қорақалпоғистон Республикаси
Андижон вилояти
Фарғона вилояти
Наманган вилояти
Тошкент вилояти
Жиззах вилояти
Самарқанд вилояти
Навоий вилояти
Сирдарё вилояти
Тошкент шаҳри (клуб ва жамоа ваколатхонаси)
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА АЁЛЛАР РЕГБИСИНИНГ РИВОЖЛАНИШ ТАРИХИ
1990 йил. Ўзбекистонда аёллар регбиси 1990 йилнинг 12 октябрида қайта тикланди. Ўзбекистон Республикаси бош мураббийи Галкин О.В. ташаббуси билан Тошкент шаҳрида “СЎҒДИЁНА” жамоси яратилди, у ўша вақтда ягона жамоа бўлган эди.
1991 йил. У 1991 йилнинг мартида ўзининг биринчи чиқиши ва илк синовини бошидан ўтказди, ўшанда у регби-15 бўйича 1-Бутуниттифоқ фестивалининг ташаббускори ва мезбонига бўлган эди, унда жамоа собиқ иттифоқ республикаларининг 12 та жамоаси билан куч синашди ва фахрли 4-ўрин билан ўз мухлисларини хушнуд этди.
Ушбу жамоалар август ойида Твер шаҳрида ўтказилган Халқаро турнирда яна куч синашдилар, унда жамоа ўз кўрсаткичини янада яхшилади ва бронза медалини қўлга киритди. Йил якунида “СЎҒДИЁНА” жамоси Талдиқўрғонда ўтказилган Қозоғистон очиқ кубогининг эгасига айланди.
1992 йил. “Осиё-7” лигаси ташкил қилинди, унга “Ника”, Олмаота шаҳрининг “ОЗБЎСМ”, Талдиқўрғон шаҳрининг “Олимпия”, Новокузецк шаҳрининг “Спортинвест” ва МДҲ даги аёллар регбиси бўйича етакчи жамоа бўлган, кўплаб халқаро мусобақаларда қатнашган Барнаул шаҳрининг “Коммунальшик” жамоси, Твер шаҳрининг “Инвестор”, Москва шаҳрининг “Славянка” жамоалари кирдилар.
1992 йилги мавсум Тошкент шаҳрининг “Сўғдиёна” жамоси учун жуда муваффақиятли бўлди. Тошкентлик қизлар юз фоизлик натижа кўрсатдилар, барча мусобақаларда фақат ғалаба қозондилар. Йил якунида спорт натижаларини чиқарар экан, “Правда Востока” газетаси таҳририяти “Сўғдиёна” жамоасини Ўзбекистоннинг тимсолий терма жамоаси сифатида тарифлади. “Барслар” Олмаота профессионал клуби ҳам (регби-13 да ўйновчи) жамоамизга энг техникавий жамоа сифатида кубок топширди.
“Осиё” лигаси биринчилиги октябрь ойида якунланди, унга кўра “Сўғдиёна” жамоси тўртта турда 44 очко жамлаган ҳолда 279:16 га тенг ажойиб тўплар фарқи билан “Осиё” лигасининг ғолибига айланди.
Чемпионатдаги олтин медаллар учун “Осиё” лигаси кубоги албатта ажойиб қўшимча бўлар эди, шунинг учун ҳам “Осиё” лигаси чемпионлари ушбу совринни ҳам бошқаларга берганлари йўқ. “Сўғдиёна” жамоаси томонидан 1992 йил совринлар коллекцияси: Россия, Қозоғистон, Еттисув, Ўзбекистон кубоклари жамланди.
Мавсумнинг энг яхши ўйинчилари сифатида жамоанинг етакчиларини тан олинди: Мастель Л. – ҳимоячи, Кабанова С. – ҳимояси, тўпурар (унинг натижаси – 136 очко) мавсумнинг энг ёрқин кўрсаткичи.
1993 йил. “Сўғдиёна” яна ўзининг энг кучли эканлигини исботлади ва Россия, Қозоғистон, Еттисув, Ўзбекистон кубоклари ютган ҳолда ўзининг аввалги йилги муваффақиятини такрорлади.
1994 йил. “Сўғдиёна” жамоаси ўйинчилари Вороненко Н., Певзнер О., Солодовник Е., Кабанова С., Певзнер Е. терма жамоа таркибида Шотландияда ўтказилган 1-Жаҳон кубогида иштирок этдилар.
Юқорида айтиб ўтилган хизматлари учун “Сўғдиёна” ўйинчилари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари Вазирлиги томонидан ЎзР Спорт устаси унвонлари билан тақдирландилар.
“Сўғдиёна” жамоасининг таркиби: Захарова Е., Певзнер О., Вороненко Н., Захарова Р., Певзнер Е., Больтодано И., Мастель Л., Зуева А., Кабанова С., Русакова Н., Заманова Л., Шевченко Н., Полякова С., Бигильдина Э., Баранова Т., Бабаянц Т., Солодовник Е., Андо Е., Куцило И.
2001 йил. Деярли 10 йилга яқин бўлган узоқ танаффусдан кейин 2001 йилнинг 5 ноябрида Тошкент шаҳрининг “Глория” жамоаси қайтадан яратилди, у “Сўғдиёна” жамоасининг давомчиси ҳисобланади. “Глория” жамоаси ҳозирги вақтда Республика терма жамоаси учун таянч жамоа ҳисобланади ва у Ўзбекистон Республикасининг 8 карра чемпионидир.
Регби бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Гонконг (Гонконг), Олмаота (Қозоғистон), Сингапур (Сингапур), Тошкент (Ўзбекистон), Доха (БАА), Патая (Таиланд), Гуанчжоуда (Хитой) ўтказилган Осиё чемпионатларининг иштирокчиси ҳисобланади, уларда жамоа йилдан-йилга тажриба тўплаб борди ва ўз натижаларини яхшилади.
2008 йил. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси учун энг муваффақиятли йил. У шу йили қуйидаги совринларни қўлга киритди:
- Вали Тожиев хотирага бағишланган мусобақанинг бронза медали
- Регби-15 бўйича Осиё чемпионатининг (Тараз шаҳри, Қозоғистон) бронза медали
- Регби-7 бўйича Москва вилояти кубогининг кумуш медали (Пушкин ш.)
2009 йил. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси қуйидаги совринларни қўлга киритди:
- Вали Тожиев хотирага бағишланган мусобақанинг кумуш медали.
- Патаяда ўтказилан регби-7 бўйича Осиё чемпионатида 14 та жамоа ўртасида 4-ўрин.
2010 йил. Бу йил терма жамоа учун унчалик муваффақиятли бўлмади. Авлодлар алмашинуви ва жамоадан етакчи ўйинчиларнинг кетиши туфайли Гуанчжоуда (Хитой) ўтказилган Осиё чемпионатида ёш, янгиланган таркиб қатнашди. Асосий таркибнинг кўпчилик ўйинларида халқаро ўйинлардаги тажрибанинг етишмаслиги туфайли Ўзбекистон терма жамоаси гарчи ўз гуруҳидан чиқа олган бўлсада, ундан кейинги босқичда муаффақиятга эриша олмади. Якунда у Осиёнинг энг кучли жамоалари ўртасида саккизинчи ўринни эгаллади.
2011 йил. Молиялаштириш бюжетининг камайтирилиши туфайли регби-7 бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бирорта ҳам рейтингли халқаро мусобақага, жумладан Осиё чемпионатига ҳам қатнаша олмади. Терма жамоанинг мусобақаларда иштирок этмаслиги барча рейтинг ўринларининг йўқотилишига олиб келади.
2012 йил. Аёллар терма жамоасининг классик регби (регби-15) бўйича халқаро мусобақалар ва регби-7 бўйича 2 та рейтингли мусобақада иштирок этиши кўзда тутилган.
Фотосуратларда:
Россия кубоги, 1992 йил, Барнаул ш. (Россия Федерацияси)
Чапдан ўнгга юқори қатор: мураббий Червяков Б.В., Бигильдина Э., Баранова Т., Певзнер О., Кабанова С., Захарова Р., ст. тренер Галкин О.В., Мастель Л. Қуйи қатор: Зуева А., Певзнер Е., Захарова Е., Вороненко Н.
Регби-15 бўйича Осиё чемпионати, 2008 й., Тараз ш. (Қозоғистон Республикаси), Бронза медали
Чапдан ўнгга юқори қатор: Ўзбекистон Регби федерацияси бош котиби Фадин С.В., Камолдина Л., Шафиқова И., Максимова О., Балабанова А., Асфандиярова А., Хасанова М., Абдулрасулова Д., Санжапова Р., Сайдарипова А., Бродовикова Ю., Могилина Е., катта мураббий Галкин О.В., Турбина Ю.
Қуйи қатор: Куватова С., Очилова Л., Кирьянова А., Умарова И., Абдулгафурова Э., Абулкасимова Ю.
