Теннис
Теннис икки киши ёки икки кишилик икки гуруҳ орасида ўйналадиган спорт ўйинидир. Ўйинчилари тўрли ракетка билан резина тўпчани рақибининг майдонига уриб туширишлари керак. ХИХ аср охирида Европада пайдо бўлган бу ўйин тезда дунёга тарқалди. Миллионлар ўйини бўлмиш теннис Олимпия Ўйинлари қаторига киритилган."Қироллар ўйини" ҳисобланади. Теннисни мунтазам ўйнаш кўз учун доимо фойдали ҳисобланади. Шунинг учун Европада уни бой ва мансабдорлар севиб ўйнашади.
Теннис - спорт тури, мовут қопланган резина копток ракетка ёрдамида урилиб ўйналади. Коптокнинг диаметри 6,35-6,67 см, оғирлиги 56,7г. Ёғоч, енгил металл ёки пластмассадан ҳар хил ўлчамда тайёрланган ракеткалар оғирлиги 255-400 г. Ўйин кортнинг орқа чизиғидан рақибнинг тўрга яқин майдончасига коптокни хатосиз узатиш билан бошланади. Копток майдонга тегиб сакрагандан кейин рақиб уни қайтаради (ўйин давомида ҳам коптокни иккинчи сакрагандан кейин олишга рухсат этилмайди, фақат иккинчи зарбадан бошлаб коптокни кортга туширмасдан ҳам қайтариш мумкин). Геймда ҳисоб 15:0, 30:0, 40:0 ва ҳ.к. тарзда юритилади, агар 40:40 ҳисоби — "тенг" қайд этилса, кейинги очкони ютган "кўп", ютқизган "кам" бўлади. "Кўп"дан кейин очкони ютган геймни ҳам ютади. Сетда олти гейм (6,0...6:4) ютиш лозим, бордию ҳисоб 6:5 бўлса, ўйин давом эттирилади. 12 геймдан кейин ҳисоб 7:5 бўлса, ғолиб аниқланади. Агар 6:6 ҳисоби қайд этилса, "тайбрейк" ўйналади. "Тайбрейк"да ғолиб чиқиш учун 7 очко тўплаш зарур, агар ҳисоб 7:6 бўлиб қолса, ўйин қайсидир томоннинг икки очко ўзиб кетишигача давом этади.
Эркаклар ўйинида энг кўп сетлар миқдори - 5, аёлларда -3 та. Теннис мусобақалари яккалик, жуфтлик ва аралаш (бир эркак ва бир аёл) тарзида ташкил қилинади.
Теннисга ўхшаш ўйинлар дастлаб Мисрнинг Тинис (Танис) шаҳрида пайдо бўлган деган тахмин ҳам мавжуд. Бу ўйин 13- 14-асрларда Италия, Франсия, Англияда оммалашди. Франсияда роҳиблар 5 тадан бўлиб кафтларида Теннисга ўхшаш ўйин ўйнашган. 16-асрдан бошлаб ўйинда дастлабки ракеткалар қўлланилди. Замонавий Теннис қоидаларини англиялик Волтер Уингфилд ишлаб чиққан (1874). Шу қоидалар асосида "Уимблдон" турнири (Англия) 1877 йилдан, АҚШ очиқ чемпионата 1881 йилдан, "Роллан Гаррос" турнири (Франция) 1891 йилдан, Австралия очиқ чемпионати 1905 йилдан ўтказилиб келинади (ҳозирги кунда бу мусобақалар "Улкан тож" мусобақалари дейилади).
Теннис 1896 йили Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган. Америкалик Дуайт Филли Девис ташаббуси билан 1900 йилдан жамоалар ўртасида норасмий жаҳон чемпионати ҳисобланмиш Девис кубоги ўтказилади. 1912 йил халқаро лаунтеннис федерацияси (ИЛТФ)га асос солинди (1977 йилда Халқаро теннис федерацияси — ИТФ деб ўзгартирилди). 1965 йилда Халқаро профессионал теннисчилар ассоциацияси (1АРТ) тузилди, У 1972 йилда Профессионал теннисчилар ассоциацияси (АТР)га айлантирилди. АТР ҳар йили 4 тоифага бўлинган 77 та мусобақа ўтказади. 1963 йилда Аёллар теннис ассоциацияси (WТА) ташкил қилинди. Ҳозирги кунда WТА 54 та мусобақа ташкилотчисидир (2004). Теннис АҚШ, Австралия, Аргентина, Буюк Британия, Германия, ЖАР, Испания, Франсия каби давлатларда яхши ривожланган. Бёрн Борг (Швеция), Жон Макинрой (АҚШ), Иван Лендл (Чехия), Борис Беккер (Германия), Пит Сампрасс (АҚШ), Мартина Навратилова (АҚШ), Штеффи Граф (Германия), Мартина Хингис (Швейсария) каби Теннис усталарининг номи машҳур.
Ўзбекистонда Теннисга ўхшаш ўйинлар қадимдан ўйналган. Хусусан, "бир таёқ" халқ ўйинида Теннисга хос жиҳатлар мавжуд. Замонавий Теннис Ўзбекистонга 20-асрнинг бошларида кириб келди. Мамлакат миқёсидаги мусобақаларда В. Пушкарев, Ш. Чебатарев, С. Обидов, Р. Ялалова каби теннисчилар муваффақиятли қатнашиб, спорт устаси талабини бажаришди. Республикамизда Теннис 20-асрнинг сўнгги ўн йиллигидан бошлаб кескин ривожланди. Мустақилликка эришган Ўзбекистоннинг деярли ҳамма шаҳарларида замонавий Теннис кортлари бунёд этилди. Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Наманган, Андижон шаҳарларидаги бу спорт иншоотларида теннисчилар ва Теннис мухлислари учун барча қулайликлар яратилган. 1992 йилда Ўзбекистон федерацияси тузилди ва ўша йили ИТФ аъзолигига қабул қилинди. 1994 йилдан Ўзбекистон Девис кубоги мусобақаларига қўшилди, теннисчиларимиз Осиё ўйинлари, қитʼа чемпионатлари, олимпиада ва бошқа халқаро мусобақаларда иштирок эта бошладилар. Тошкентда профессионал теннисчилар ўртасида "Президент кубоги" халқаро мусобақасининг ўтказилиши (1994 йилдан) Ўзбекистонда бу спорт турининг юксалиш даврини бошлаб берди.
Кейинроқ бу мусобақа АТР тур доирасига киритилди ва жаҳоннинг энг кучли теннисчилари Ўзбекистон пойтахтига ташриф буюришди. 1996 йилда Тошкентда аёллар ўртасида Челленжер мусобақаларига асос солинди ва у WТА туркумидаги мусобақалар орасидан жой олди. Вилоят марказларида ҳам Фючерс, Челленжер мусобақалари ўтказила бошланди. 1997 йилдан раҳбар ҳаваскор теннисчилар ўртасида "Ҳавас" мусобақаларининг бошланиши Тенниснинг янада оммалашувида муҳим рол ўйнади. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида теннисни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида" (1997 йил 25 август) ва &"Ўзбекистон Республикасида теннисни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги (1998 йил 11 сентабр) қарорлари Тенниснинг тараққиётига қулай шарт шароит яратди. 1998 йил 20 мартдан "ТеннисQ" газетаси чиқарила бошланди. 2001 йилдан Девис кубоги тартиби бўйича вилоят жамоалари ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари ўтказиляпти. Мамлакатнинг барча вилоятларида республика Теннис федерациясининг бўлимлари бор. 47 та Теннис клуби, Теннисга ихтисослашган 76 та болалар ўсмирлар спорт мактаблари фаолият кўрсатяпти. Ўзбекистонда 15 мингдан зиёд киши Теннис билан шуғулланади, уларга 241 мураббий сабоқ беради (2004). И. Тўлаганова, В. Куценко, О. Огородов, И. Исроилова, О. Омонмуродова Осиё ўйинлари, қитʼа чемпионати, универсиада, халқаро мусобақаларда ғолиб совриндор бўлишди. Бу теннисчиларнинг ғалабасида В. Пушкарев, А. Ёлхин, Ф. Султонбеков, Ҳ. Шафикрв каби мураббийларнинг ҳиссаси бор.