Шашка

Шашка - спорт тури. Ўйиндан мақсад рақиб доналарини тугатиш ёки уларни юра олмайдиган ҳолатга тушириш. Икки хил (оқ ва қора) рангдан тенг катакли тахта (сатҳ)да икки хил рангдаги доналарда ўйналади. Шашканинг тахтадаги катаклар, доналар сони ва ўйин қоидаларига қараб турли хиллари бор. Улар ичида энг кенг тарқалгани рус, инглиз, немис, испан шашкаси (64 хонали тахта, 12 тадан дона), халқаро шашка (100 катакли тахта, 20 тадан дона), Канада шашкаси (144 хонали тахта, 30 тадан дона)дир. Шашкада доналар диагонал бўйича қора катаклар бўйлаб олдинга бир катак сурилади. Рақиб доналарини олдинга ва орқага уриш мумкин. Горизонтал сўнгги қаторига чиққан дона дамка ҳисобланади. Дамка тахта бўйлаб исталган масофага юра олади.

 

Шашка милоддан аввалги 2700 йилда Мисрда маълум бўлган. Қадимий Рим ва Юнонистонда ҳам шашкага оид маълумотлар сақланиб қолган. Юнон мутафаккирлари Гомер ва Платон ўз асарларида шашкага ўрин беришган. Геродотнинг ёзишича, Лидия шоҳлигида экин битмай очарчилик бўлганда, одамлар шашка ўйнаб очлик азобини унутганлар. Александр (Искандар) Македонский ва Рим империяси даврида шашка Европа, Осиё ва Африканинг бошқа давлатларига тарқалган. Шашка тўғрисидаги илк китоб 15-асрда Испанияда ёзилган. 18-асрда Буюк Британияда чоп этилган китобларда шашка ҳақида кенг маълумотлар берилган.

 

19-асрдан Европа мамлакатларида шашка мусобақалари ўтказила бошланди. 1894 йилдан халқаро шашка бўйича эркаклар (1974 йилдан аёллар) ўртасида жаҳон чемпионати уюштирилади. 1947 йилда Жаҳон шашка федерацияси (ФМЖД) тузилди. Унга 52 та давлат (Ўзбекистон 1993 йилдан) аъзо (2004). 1985 йилдан 64 катакли шашка бўйича жаҳон чемпионати ташкил қилинди. Халқаро шашка бўйича 1986 йилдан олимпиада, 2001 йилдан жаҳон кубоги мусобақалари ўтказилади.

 

Ўзбекистонда шашка қадимдан ўйналган. 64 катакли шашка бўйича 1934 йилдан эркаклар (1936 йилдан аёллар) ўртасида, халқаро шашка бўйича 1954 йилдан эркаклар (1971 йилдан аёллар) ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказиб келинади. Шунингдек, турли тоифадаги мусобақалар уюштирилади. Шарифжон Ёқубов, Сергей Давидов, Сергей Гуляев, Озода Аҳмедова, Карима Мирзаева, Зайнаб Сафина каби шашкачилар бу ўйиннинг оммалашишига ҳисса қўшишди. Николай Мишанский олимпиада (1986) ва Осиё чемпионати (1993) нинг олтин, жаҳон чемпионатининг кумуш (1996) ва бронза (2000) медаллари билан тақдирланган. Маркиел Фазилов икки бор жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан (1992, 2000). Алишер Ортиқов Осиё чемпионатининг олтин, Мадина Баҳронова бронза медалига сазовор бўлган (2002). Ш. мусобақаларида кўрсатган юқори натижалари учун Н.Мишанский, М.Фазилов, А.Ортиқовга халқаро гроссмейстер, Абдуқодир Тоштемировга гроссмейстер унвони берилган. Ҳозирги вақтда Тошкент, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Сирдарё,Бухоро вилоятларидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида шашка бўлимлари фаолият кўрсатяпти. Республикадаги 65 та шашка бўлими ва тўгаракларида 27 мураббий қўл остида 874 киши (229 таси аёл) шашка билан шуғулланади. Улардан 245 нафари шашка даражаси ва унвонларига эга (2003).

Поделиться