Чим устида хоккей
Чим устида хоккей майдонининг ўлчами 91,4х55 м, клюшкасининг оғирлиги 652—794 г., тўпининг оғирлиги 156—163 г., ўйин вақти 90 мин. (45 мин.дан 2 бўлим). Мусобақалашаётган 2 жамоада 11 тадан ўйинчи қатнашади. Чим устида хоккейга ўхшаш ўйинлар миллоддан 2 минг йил аввал ҳам Миср, Юнонистон, Ўрта Осиё ва бошқа жойларда мавжуд бўлган. Ўрта Осиёда чорвадорлар ўртасида аввал тош билан ўйналадиган подачи, кейинроқ от миниб ўйналадиган чавғон оммалашган. Чавғон Бобурийлар салтанати даврида Ҳиндистонда кенг тарқалган.
19-асрнинг 2-ярмида Буюк Британияда чим устида хоккей клублари тузилди. 1875 йилда Лондон хоккей уюшмаси томонидан чим устида хоккейнинг замонавий ўйин қоидалари ишлаб чиқилди. Бу қоида 1907 йилда тасдиқланди. Чим устида хоккейнинг эркаклар мусобақаси 1908 йилдан, аёллар мусобақаси 1920 йилдан олимпиада дастурига киритилган. 1924 йилда Халқаро хоккей федерацияси (ФИҲ) ташкил этилган, унга 120 давлат аъзо (2003). Бу федерация 1970 йилдан эркаклар ўртасида, 1973 йилдан аёллар ўртасида жаҳон чемпионатлари ўтказади. Чим устида хоккей Ҳиндистон, Покистон, Буюк Британия, Германия, Голландияда ривожланган.
Ўзбекистонда чим устида хоккей 20-асрнинг 70-йилларидан оммалаша бошлади. 1972 йилда Андижонда дастлабки чим устида хоккей жамоаси тузилди. 1973 йилдан эркаклар, 1975 йилдан аёллар ўртасида чим устида хоккей мусобақалари ўтказила бошланди. Республикада чим устида хоккейга ихтисослашган 10 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бор, уларда 45 нафар мураббий қўл остида 1200 нафардан зиёд ўқувчи шуғулланади (2004). Мириман Ким, Ойбек Патиддинов, Ринат Маматказин, Лилия Муталапова каби маҳоратли мураббийлар етакчи хоккейчиларни тарбиялади. Айниқса, аёл хоккейчилар юқори натижаларга эришди. Валентина Заздравних, Неллико Горбаткова, Лайло Ахмерова ва Алина Хам олимпиада ўйинлари бронза медали совриндорларидир (1980, Москва). Ўзбекистон чим устида хоккей аёллар терма жамоаси Осиё ўйинлари ва жаҳон кубоги финалида қатнашган.