Сувда сузиш
Сувда сузиш, спортча сузиш — спорт тури, расмий белгиланган масофага муайян усулда спортча сузиш (эркин тарзда, брасс, баттерфляй усулида, орқа билан), шунингдек, сув остида, амалий, синхрон (бадиий) сузишни ўз ичига олади. Халқаро олимпиада қўмитаси таснифига кўра, Сувда сузишга сувга сакраш ва сув полоси ҳам киради. Сувда сузиш замонавий 5 курашнинг таркибий қисми ҳисобланади. Сувда сузиш тарихи 15-16-асрларга тўғри келади. Сузувчиларнинг дастлабки спорт мусобақалари 1515 йил Венецияда ўтказилган. Илк сузиш мактаблари 18-асрнинг 2-ярми – 19-асрнинг бошларида Германия, Австрия, Францияда очилган. 19-аср охирида сунъий сув ҳавзалари қурила бошлагач, спортча сузиш оммалашиб кетди. 1890 йил Сувда сузиш бўйича Европа чемпионати ўтказилди. Сувда сузиш 1896 йилдан Олимпиада ўйинлари дастурига киритилди (аёллар 1912 йилдан қатнашади). Халқаро ҳаваскорлар сузиш федерацияси (FINA, 1908 йил асос солинган)га 130 дан ортиқ мамлакат миллий федерациялари аъзо.
Ўзбекистонда қадимдан сувда турли ўйин ва мусобақалар ўтказилган. Сувда сузиш спорти республикада 1924-25 йиллардан ривожлана бошлади. Ана шу даврда илк гидростанциялар қурилган. Чунончи, Тошкентда Бўзсув тўғон билан тўсилиб, сунъий сув омбори ҳосил қилинди. Бу ерда 2 та сув станцияси қурилиб, сузиш ҳавзаси ва баландликдан сувга сакраш миноралари бунёд этилди. 1927 йил 1 марта шу ерда Тошкент ва Самара (Россия) шаҳарлари жамоалари ўртасида сузиш мусобақаси бўлиб ўтди. 1930 йил Тошкент тўқимачилик комбинати қошида стадион ва узунлиги 50 м ли суви иситиладиган очиқ ҳавза қурилиб ишга туширилди. 1935 йил Андижоннинг сунъий сув ҳавзасида 1 марта республика сув спорти байрами, Сувда сузиш бўйича Ўзбекистон биринчилиги ўтказидди, 1937 йил Тошкентдаги темирйўлчилар истироҳат боғида очиқ сув ҳавзаси қурилиб, сузиш бўйича 1-болалар-ўсмирлар спорт мактаби ташкил этилди. 1939 йил Ўзбекистонда Сувда сузиш бўйича республика федерацияси тузилди. Ўтган асрнинг 60-йилларида Тошкентда (жисмоний тарбия институти қошида, “Меҳнат резервлари” спорт жамияти ҳузурида, Армия спорт клубига қарашли), Навоий шаҳрида, бошқа вилоятларда суви истиладиган ёпиқ ва очиқ сув ҳавзалари қурилиб фойдаланишга топширилди.
Республикада қобилиятли ёш спортчи сузувчилар етишиб чиқа бошлади. Олимпиада ўйинлари, халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этган С.Бабанина, Н.Устинова, С.Искандарова, С.Конов, С.Заболотновлар спортнинг ана шу турида шуҳрат қозондилар. Ҳозир республикамизнинг вилоят ва туман марказларида 200 дан ортиқ сув ҳавзалари мавжуд.
