Кураш

Кураш - спорт тури, белгиланган қоидага мувофиқ икки спортчининг яккама-якка олишуви. Курашиш санъати кўп халқларда қадим замонлардан буён маълум. Кураш айниқса Юнонистонда кенг тарқалиб, қадимги олимпиада мусобақаларидан доимий ўрин олиб келган. Миллий Курашнинг хилма-хил кўринишлари Греция, Италия, Япония, Туркия, Эрон, Афғонистон, Россия, Ўзбекистон, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда мавжуд.

Замонавий спорт Курашининг асосий қоидалари 18-аср охири 19-аср бошларида Европанинг бир неча мамлакатларида ишлаб чиқилди. 1912 йил Халқаро ҳаваскорлар кураш федерацияси (FILA) тузилди (ҳозир унга 144 мамлакат, Ўзбекистон 1993 йилдан аъзо). Халқаро майдонда спорт Курашининг юнонрум кураши, эркин кураш, дзюдо, самбо ва бошқа турлари кенг тарқалган. Кейинги йилларда ўзбек Кураши ҳам алоҳида Кураш тури сифатида дунё миқёсида тан олина бошланди. Кураш инсонни кучли, эпчил, чидамли ва иродали қилиб тарбиялаш воситаларидан бири ҳисобланади. Шифокорлар назорати остида 12 ёшдан Кураш билан шуғулланишга рухсат этилади. Кураш азалдан ўзбек турмуш тарзининг узвий қисми бўлганлигини археологик топилмалар, тарихий қўлёзмалар тасдиқлайди. Қадимги Бақтрия (Ўзбекистон жанубий) ҳудудидан топилган жез даврига оид цилиндрсимон сопол идишда икки полвон ва улардан бири иккинчисини чалаётгани тасвирланган. Шу даврга мансуб бошқа археологик топилмада эса полвонларнинг Кураш усулларини намойиш қилаётгани акс эттирилган. Бу ноёб топилмалар милоддан 1,5 минг йил илгари ҳам Кураш аждодларимиз турмуш тарзининг бир қисми бўлганидан далолат беради. Юнон ёзувчиси Клавдий Элиан (2-3-аср) ва бошқа тарихий шахсларнинг ёзишича, шу ҳудудда умр кечирган сак қабиласи қизлари ўзларига куёвни йигитлар билан курашиб танлаганлар. Кейинчалик қизлар куёвни шарт кўйиш йўли билан аниқлашган ва бу шартда Кураш мусобақаси бўлган. Бунга ўзбек халқ қаҳрамонлик достони - «Алпомиш»даги Барчин шартларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида ёзган: « Курашнинг турлари ҳам бор  Улардан бири икки курашувчининг бири ўз рақибининг белбоғидан ушлаб ўзига тортади, шу билан бирга ўз рақибидан қутулишнинг чорасини қилади...». Бу таъриф замонавий Кураш қоидаларига яқиндир. Шунингдек, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк», Алишер Навоийнинг «Ҳамса», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», Зайниддин Восифийнинг «Бадоеъ ул-вақоеъ», Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Футувват-номаи султоний», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарида Кураш ҳакида қимматли маълумотлар бор. 9-16-асрларда Кураш халқ ўртасида кенг оммалашган. Шу даврда Паҳлавон Маҳмуд, Содиқ полвон қабилар Кураш довруғини оширишган.

Ўзбек халқ якка курашининг белбоғли кураш деб номланган тури ҳам бор. Унга ҳам тааллуқли кўплаб археологик топилмалар ва тарихий қўлёзмалар мавжуд. Бундан 5 минг йил илгари даврга мансуб қадимги Месопотамия ҳудудидан топилган ҳайкалчада белбоғли кураш усулида мусобақалашаётган полвонлар тасвирланган. Хитойнинг қадимги «Тан-шу» қўлёзмасида Фарғона водийсида тўйлар, сайллар Кураш мусобақаларисиз ўтмаслиги ёзилган. Аҳмад Полвон, Хўжа полвон ва шу каби Курашнинг ана шу турида шуҳрат қозонишган (19-аср охири - 20-аср боши). Чоризм истилоси ва шўролар даврида ўзбек миллий Курашини халқ турмуш тарзидан сунъий равишда сиқиб чиқаришга ҳаракат қилинди. 20-асрнинг 90-йиллари охирига келиб бу уринишларга барҳам берилди.

1991 йилда курашчилар сулоласи вакили, бир неча Кураш турлари бўйича халқаро миқёсда спорт устаси Комил Юсупов ўзбекча Курашнинг халқаро андозаларга мосланган қуйидаги қоидаларини ишлаб чикди: Кураш тушувчилар 14х14 м дан 16х16 м гача бўлган, четроқ қисми қизил рангли «хавфли чизиқ» билан белгиланган кўк-яшил тусли Кураш гиламида тик турган ҳолатда беллашадилар. Ғолиб ишлатилган усуллар ва майдондаги ҳатти-ҳаракатларига қўйиладиган баҳоларга қараб аниқланади. Курашда бўғиш, рақибга оғриқ берувчи усуллар қўллашга рухсат этилмайди, курашувчиларнинг бири кўк, иккинчиси яшил рангли яктак (аёллар яктак ичидан оқ рангли футболка) кияди, белга эни 4-5 см ли тасма (белбоғ) боғланади, эркақлар 60, 66, 73, 81, 90, 100 кг ва 100 кг дан зиёд, аёллар 48, 52, 57, 63, 70, 78, ва 78 кг дан зиёд вазн тоифаларида курашадилар (болалар, ўсмирлар, ўспиринлар, ёши улуғлар ва қизлар мусобақаларида ҳам ёш хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда вазн тоифалари белгиланади). Халқаро кураш ассоциацияси (IКА)нинг 2003 йил Тошкентда ўтган конгресси ҳар бир учрашувнинг қизғин бўлишини таъминлаш мақсадида расмий мусобақаларда беллашув вақтини 3 минут қилиб белгилади.

Ишлатилган усулларга бажарилишига мос равишда «чала», «ёнбош», «ҳалол» баҳолари, қоидага зид ҳаракатларга эса «танбеҳ», «дакки», «ғирром» жазолари берилади. Курашувчи «ҳалол» баҳосини олса (ёки рақиби «ғирром» билан жазоланса) бу унинг ғалабасини билдиради. Икки бор «ёнбош» баҳосини олиш (ёки рақибининг икки бор «дакки» дея жазоланиши) ҳам ғалабани англатади. «Чала» баҳолари ҳисобга олиб борилиб, баҳо олган курашчига ғалаба берилади, курашчиларнинг баҳо ва жазолари сони тенг ҳолатда баҳо устунликка эга бўлади, жазолар сони тенг бўлса охирги жазо олган мағлуб ҳисобланади, агар барчаси тенг (ёки баҳо ва жазо олинмаган) бўлса, ғолиб ҳакамларнинг кўпчилик овозига кўра эълон қилинади. 1992 йилда Ўзбекистонда кураш федерацияси, 2001 йилда Ўзбекистонда белбоғли кураш федерацияси тузилди. 1998 йил сентябрда Тошкентда 28 давлат (АҚШ, Боливия, Буюк Британия, Голлан дия, Россия, Ўзбекистон, Япония ва ҳ.к.) вакиллари Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) муассислари бўлишди ва шу муносабат билан бу ерда ўзбекча Кураш бўйича йирик халқаро мусобақа ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқаро кураш ассоциациясини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони (1999 йил 1 февраль) ўзбек миллий Курашининг янада ривожланишига туртки бўлди. Ўша йили Тошкентда ўзбекча Кураш бўйича биринчи жаҳон чемпионати, Россиянинг Брянск шаҳрида аёллар ўртасида халқаро мусобақа бўлиб ўтди. IKA қошида Халқаро Кураш академияси, Бутун жаҳон Курашни ривожлантириш жамғармаси тузилди, ассоциация муассислигида «Кураш» журнали таъсис қилинди. Адабий-бадиий, ижтимоий-публицистик, ахборот-реклама йўналишидаги бу журнал Тошкентда 1999 йил октябр ойидан буён нашр этилади. 2000 йил Ўзбекистонда Кураш ойлиги ўтказилди. Бу ойлик давомида 2 миллионга яқин киши Кураш гиламига чиқди. Буюк Британияда IKA фахрий президенти Ислом Каримов номидаги анъанавий халқаро мусобақага асос солинди. 2001 йилдан Халқаро Кураш интитути (Тошкентда) фаолият кўрсата бошлади. IКА га 66 та миллий федерация аъзо бўлиб кирди (2003). Европа, Осиё, Панамерика ва Океания Кураш конфедерациялари тузилди. Ҳозирги пайтда ўзбекча Кураш билан хорижий мамлакатларда 600 мингдан зиёд киши шуғулланади. Курашнинг бу тури бўйича жаҳон, қитьа ва мамлакатлар чемпионатлари ҳамда биринчиликлари, Ўзбекистонда ат-Термизий, Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган ва бошқа кўплаб халқаро мусобақалар мунтазам ўтказилади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 22 та олимпиада ўринбосарлари мактаби, 37 та болалар-ўсмирлар спорт мактаби ва 206 та Кураш мактабида спортнинг бу тури бўйича ўқувчиларга таҳсил берилади. Олий ўқув юртларида 100 дан ортиқ Кураш тўгараклари фаолият кўрсатади. Курашчилар билан 851 нафар мураббий шуғулланади (2003). Осиё олимпия кенгаши 2003 йилда Курашнинг бу турини Осиё ўйинлари дастурига киритди. Кураш бўйича ўтказилидиган жаҳон чемпионатларида Баҳром Аназов, Исоқ Ахмедов, Махтумқули Маҳмудов, Камол Муродов, Тоштемир Муҳаммадиев, Акобир Қурбонов (Ўзбекистон), Кубашхоним Элкнур, Селим Тотар ўғли (Туркия), Александр Катсураги, Карлос Хонорато (Бразилия), Павел Мелананец (Польша), Хироёши Кашимото (Япония) ва бошқалар ғолиб чиқдилар ва совриндор бўлдилар.

Поделиться