Мотоцикл спорти
Мотоцикл спорти – спортнинг техник тури, мотоцикл билан ўтказиладиган мусобақалар. Мотодром, шоссе, трек, отчопарларда тезликка эришиш (пойга), паст баланд жойларда ҳайдай билиш (кросс), ёнилғини тежаш, сунъий ғов қўйилган жойлар ва шаҳар ҳаракати шароитида руль бошқариш, турли ўйинлар намойиш қилиш, тепаликка кўтарилиш, чуқурликка шўнғиш кабилардан иборат.
Дастлаб 1895 йил Париж – Бордо - Париж йўналиши бўйича автомобиль пойгаси билан биргаликда тош йўлда биринчи бор мотоцикл пойгаси ҳам ўтказилган. Халқаро федерация - FIM (1904 йил асос солинган, Ўзбекистон спортнинг техник турлари республика маркази унга 1994 йил қабул қилинган) 60 дан ортиқ мамлакатни бирлаштиради. 1924 йилдан жаҳон, 1936 йилдан Европа чемпионатлари ўтказиб келинади.
Ўзбекистонда Мотоцикл спорти 20-аср 40-йилларининг охири 50-йилларининг бошида оммалаша бошлади. Ўзбекистон спортнинг техник турлари республика маркази мамлакатда Мотоцикл спортга бошчилик қилади. Мотоцикл спорт учун кўплаб спорт иншооотлари бунёд этилган. Жиззахдаги «Наврўз булоқ» автомотодроми, Сурхондарё вилоятидаги «Қизил мозор» (Жарқўрғон), Навоий тоғ-металлургия комбинатининг «НГМК», Олмалиқдаги «Қалмоққир», Зарафшон шаҳридаги «Золотинка», Самарқанддаги «Мотодром-Улуғбек», Тошкент шаҳридаги «Юнусобод», Фарғона шаҳридаги спорт мажмуи мотодромлари ва бошқалар. Мото трассалар Мотоцикл спорт турларига ихтисослаштирилган. 25 дан ортиқ спорт клуб жамоалари Ўзбекистон чемпионати ва кубок мусобақаларида қатнашади. Мотоцикл спортни болалар ўртасида кенг ёйишга алоҳида эътибор берилади. Болалар 9 ёшдан бошлаб Мотоцикл спорт билан шуғулланиши ва мусобақаларда қатнашиши мумкин.
Ўзбекистон спортчилари халқаро мусобақаларда, Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон чемпионатларида мунтазам иштирок этади. 1992 йилдан буён Ўзбекистонда ҳар йили мотокросс бўйича кўп босқичли республика чемпионати, «Эндуро» бўйича Ўзбекистон чемпионати, Ўзбекистон ва Марказий Осиё кубоги мусобақалари ўтказилади. Спортнинг техник турлари республика маркази ҳар йили ўзининг «Супермотокросс» соврини учун кросс ташкил қилиш билан спорт мавсумини очади.