Самбо
Самбо (рус. – қуролсиз ўзини ҳимоя қилиш) – спорт кураши тури. Унга курашнинг миллий турларидаги энг самарали усуллар асос қилиб олинган. 20-асрнинг 30 йилларида СССРда пайдо бўлган. Самбонинг спорт (кураш) ва жанговар турлари мавжуд. Самбо курашида курашчилар махсус белбоғли калта яктак киядилар. Самбода рақибининг қўл ва оёқларидан олиш, оёқлар билан оёқларига, қўлига ва гавдасига қарши ҳаракатлар қилиш рухсат этилган. Самбода ўз оёғида тик туриб рақиб курагини ерга теккизса ёки оғритувчи усул қўлланганда рақиб ўзини мағлубиятга учраганлигини тан олса, шунингдек, баллар бўйича фарқ 12 тага етса, рақиб ман этилган усулни қўллаб жазоланса соф ғалаба қайд қилинади. Рақиблардан бири соф ғалабага эриша олмаса, олишув натижаси спортчиларнинг тўплаган балларига қараб аниқланади. Жанговар Самбода курашчилар бошга шлем, қўлларига бармоқлари очиқ қўлқоп кийиб, оғизга капа (тишни ҳимоя қилиш учун) солиб мусобақалашадилар. Жанговар Самбода тепиш, уриш, оғритувчи усуллар қўллаш ва бўғиш мумкин. Кураш 10х10 м дан 13x13 м гача катталикдаги гиламда ўтказилади. Курашчиларнинг олишув майдони 6x9 диаметрли бўлиши керак. Кураш танаффуссиз 4 – 5 минут давом этади.
Самбонинг спорт турида: ёшлар (20 ёшгача) ва эркаклар: 52, 57, 62, 68, 78, 82, 90, 100, 100 кг дан ортиқ: қизлар (20 ёшгача) ва аёллар: 48, 52, 56, 60, 64, 68, 72, 80, 80 кг дан ортиқ; ўсмир ўғил болалар (16 – 18 ёш): 48, 52, 56, 60, 65, 70, 75, 81, 87, 87 кг дан ортиқ; ўсмир қизлар (16 – 18 ёш): 40, 44, 48, 52, 56, 60, 65, 70, 75, 75 кг дан ортиқ вазнларда беллашадилар. Фахрийлар (35 ёшдан юқори) ва Самбонинг жанговар турида эса 62, 68, 74, 82, 90, 100, 100 кг дан юқори вазн тоифасида мусобақалашадилар. Самбо бўйича Халқаро ҳаваскорлик федерацияси (ФИАС; 1985 йил ташкил этилган)га 80 га яқин мамлакат аъзо. 1980 йилдан Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган. 1973 йилдан Самбонинг спорт тури бўйича, 2001 йилдан жанговар Самбо бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади. Ўзбекистон Самбо федерацияси 1964 йил тузилган. Аёл Самбочиларнинг федерацияси дунёда фақат Ўзбекистонда ташкил этилган (1996) ва у ҳам Жаҳон ҳамда Осиё федерациясига аъзо бўлиб кирган. 1971 йил Тошкентда халқаро турнир, 1972 йил Европа чемпионати, 1998, 2001 ва 2002 йилда эса ўсмирлар, ёшлар ва эркаклар ўртасида Осиё чемпионати, 2001 ва 2003 йилларда илк бор аёллар Самбо юлдузларининг жаҳон чемпионати мусобақалари ўтказилган.
Ўзбекистон Самбо терма жамоаси жаҳон чемпионатида 1-ўринни эгаллади (1993, Омск), Осиё чемпионатида бир неча марта жамоа ҳисобида (аёллар ва эркаклар, қизлар ва ўсмирлар) ғолибликни қўлга киритди. Самбо бўйича спорт устаси Ж. Шарапатов Осиё Самбо федерациясининг президенти (2001 йилдан), халқаро тоифадаги спорт устаси Фазлиддин Пўлатов вицепрезиденти ва Осиёда Самбо курашини ривожлантириш қўмитаси раиси (2003 йилдан) ҳисобланади. Собир Қурбонов, Сайфиддин Ходиев, Бобомурод Файзиев (2 мартадан), Шуҳрат Хўжаев, Акобир Қурбонов, фахрийлар ўртасида эса Фазлиддин Пўлатов, Ўрол Жуманиёзов, Остон Чўлиев (2 мартадан) жаҳон чемпиони бўлишган. Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятларида болалар ва қизлар Самбо билан мунтазам шуғулланадилар. Республика олий спорт маҳорати мактаби, вилоятлар спорт маҳорати мактаблари, шунингдек, Олимпия захиралари коллежларида Самбо кураши бўлимлари бор.
