Стол тенниси
Стол тенниси — кичик копток ва ракеткалар билан столда ўйналадиган спорт ўйини. Шарқий Осиёда пайдо бўлган. 20-асрнинг 20-йилларидан кўп мамлакатларга тарқалган. Дастлаб «пинг-понг» (французча pingpong –коптокнинг ракетка ва столга урилишида чиқадиган овоз) деб аталган. Стол тенниси учун, одатда, стол ўлчами 152,5x274,3 см; баландлиги 76 см; тури 183х 15,25 см бўлади. Ёғоч ракетканинг юзига резина пластина қопланади. Копток оқ пластикадан ясалади, диаметри 37,2—38,2 мм, оғирлиги 2,4 – 2,53 г. Ўйин майдончасининг ўлчами 6–7х12–14 м. Расмий мусобақалар спорт залларида ўтказилади: эркаклар ва аёллар – жамоа бўлиб, якка ҳолда ва жуфтликда ҳамда аралаш жуфтликда мусобақалашадилар. Ўйин 3 ёки 5 партиядан ўйналади. Ўйинчилардан бири 21 очко тўпласа, у ғолиб ҳисобланади. Агар ҳисоб 20:20 бўлиб қолса, унда ўйинчилардан бири 2 очко ортиқ тўплагунча ўйин давом эттирилади.
Стол тенниси Халқаро федерацияси (ITTF, 1926 йил ташкил этилган) 130 дан ортиқ миллий федерацияни бирлаштиради. 1926 йилдан ҳар 2 йилда жаҳон биринчилиги ўтказилади, 1988 йилдан Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган. Ўзбекистонда Стол тенниси кенг оммалашган. Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақалари мунтазам ўтказиб турилади. Ўзбекистон Стол тенниси федерацияси 1993 йил ITTFгa аъзо бўлиб кирган.
Ўзбекистонлик Манзура Иноятова, Саида Бурҳонхўжаева, Светлана Гета жаҳон чемпионатида (Доха шаҳри, Қатар, 2004 йил март) 1 ўринни олиб, олтин медаллар билан тақдирланишди. Улар билан бирга Нодира Бурҳонхўжаева, Мадина Аюпова ҳам бир қанча халқаро турнирларда ғолиб бўлишган.