Турон якка кураши
Турон якка кураши - миллий спорт тури. Туркий халқлар жанг қилиш санъати намунаси сифатида қадимдан машҳур бўлган. Бу турдаги яккамаякка курашиш усули Амир Темур даврида такомилига етган. «Турон» якка курашининг замонавий қонун-қоидаларини халқаро миқёсдаги спорт устаси Б.Саидов ишлаб чиқди (1991). Курашчилар пешонабанд белбоғ боғлаб, яктак, кенг иштон кийиб мусобақалашадилар. Рақиблар майдонга чиққанда қўлларини юқорига кўтариб, бир-бирларига кафтларини кўрсатишади. Бу «кўриб қўй, қўлимда ҳеч нарса йўқ, ҳалол курашаман» деган маънони билдиради. «Турон» якка курашининг икки: жанг ва эркин машқ йўналиши бор.
Жанг йўналиши бўйича беллашув 2 қисмдан иборат бўлиб, ҳар бир қисми 5 минутдан бўлади, катта ёшдаги спортчилар учун 1 раунд 5 минутни ташкил қилади. Қолган ёшдагилар учун 1 раунд 2-3 минут. давом этади. Бу йўналишда ғалаба ва соф ғалаба бор. Ғалаба рақибига кўп зарба бериб энг кўп балл йиққан ўйинчига, соф ғалаба эса рақиби зарба олганда гангиса, беҳол ҳолатга тушиб қолса ёки бўғма усули билан ютганда берилиши мумкин. Эркин машқ йўналиши битта ва бир неча спортчи (жамоа) билан бажариладиган машқлар бўлиб, 1,5 минут давом этади. Машқлар буюмсиз ва буюмлар билан бажарилади. Энг кўп балл тўплаган ўйинчи ёки жамоа ғолиб чиқади. Қилич, гимнастика таёғи, арқон каби буюм билан бажариладиган кўргазмали машқлар билан чиқишлари мумкин. У спортчининг техник усулларни қанчалик эгаллаганлиги ва жисмоний чиниққанлигини намойиш этади. Бу чиқишлар ҳам балл билан баҳоланади.
Ўзбекистонда «Турон» якка кураши федерацияси тузилган (1995). Ҳар йили Тошкент шаҳри биринчилиги ва Ўзбекистон чемпионати мусобақалари ўтказилади. «Турон» якка кураши «Алпомиш ўйинлари» фестивали дастуридан жой олган. Бу спорт тури бўйича Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ киши мунтазам шуғулланади. 5 халқаро спорт устаси, 30 дан ортиқ спорт устаси тайёрланди (2004). «Турон» якка кураши халқаро миқёсда тан олинмоқда. АҚШ, Германия, Исроил, Нидерландия, Украина, Латвия, Молдавия, Белоруссия ва бошқа мамлакатларда «Турон» якка кураши спорт секциялари очилган. Биринчи расмий халқаро турнир ўтказилиб (1996, Тошкент), унда А.Кенжабоев (Қозоғистон), Ч.Мергенов (Туркманистон), Т.Фаттохрв, А.Рабинович (Ўзбекистон), Д.Журавлев (Россия) ғолиб бўлганлар.