Сувга сакраш
Сувга сакраш – спорт тури; трамплиндан (1 ва 3 м) ва миноравишка (5; 7,5; 10 м)дан Сувга сакраш усуллари бор. Сувга сакраш турли хил айланишларни ўз ичига олади ва сувга калла ёки оёқ ташлаб кам сув сачратиб тик тушиш билан тугайди. Сувга сакрашнинг дастлабки ҳолатда олд томон билан туриб ва тескари туриб, қўлларга таяниб туриб, айланишлар йўналишлари бўйича – олдинга, орқага ва буралиб-буралиб; мураккаблиги бўйича – мураккаблик коэффициенти (сони ва буралишларнинг мураккаблиги)га кўра сакраш кўринишлари бор. Спорт тури сифатида Сувга сакраш 19-аср ўрталарида Германияда пайдо бўлган. 1890 йил дастлабки халқаро мусобақалар ўтказилган.
Европа чемпионати 1926 йилда, жаҳон чемпионати 1973 йилда ўтказилган. Олимпиада ўйинлари дастурига 1904 йил (аёллар учун 1912 йил) киритилган. Олимпиада мусобақалари трамплинда туриб 5 та мажбурий ярим айланиб сакраш ва аёллар учун 5 та эркин сакраш ҳамда эркаклар учун 6 та эркин сакраш, минорада туриб 4 та мажбурий ва аёллар учун 4 та, эркаклар учун 6 та эркин сакраш машқларидан ташкил топади. Мусобақалар 2 босқичда – дастлабки ва финал (8 энг кучли спортчи иштирокида) босқичда ўтказилади. Ҳар 2 ҳолда ҳам дастурни спортчилар тўлиқ бажаришлари керак.