Фигурали учиш
Фигурали учиш - спорт тури. Унинг асосида конкида югурувчи спортчининг муз устида ҳаракат йўналишини ўзгартириши, айланишлар ва сакрашлар билан боғлиқ махсус харакатлари ётади. Аёллар ва эркакларнинг якка ҳолда, жуфт ҳолда учиши ва спорт рақслари бўйича мусобақаларни ўз ичига олади. Якка ҳолда учиш мактаб деб номланган 3 та мажбурий расмфигура, 7 мажбурий элементдан иборат қисқа эркин дастур (бажариш вақти 2 мин.гача) ва шахсий эркин дастурини (аёллар учун 4 мин., эркаклар учун 5 мин) бажаришни ташкил этади. Жуфт ҳолда учиш киска дастур (6 мажбурий элемент — қадамлар комбинацияси, кўтариш; алоҳида ва биргаликда айланишлар, сакрашлар; 3 мин.гача давом этади) ва эркин дастур (5 мин)дан иборат. Спорт рақслари дастурида 3 мажбурий,
оригинал ва эркин рақслар бўлади. Фигурачиларнинг маҳорати 6 балли тизим билан баҳоланади. Фигурали учиш спорт тури сифатида 19-асрнинг 60-йилларида пайдо бўлди. Европа чемпионатлари — 1891 йилдан якка ҳолда учишда (аёллар — 1930 йилдан), 1930 йилдан жуфт ҳолда учишда; жаҳон чемпионатлари — 1896 йилдан якка хрлда учишда (аёллар — 1906 йилдан), 1908 йилдан жуфт ҳолда учишда ўтказилади. Спорт рақслари бўйича жаҳон биринчилиги 1952 йилдан ўтказилади. Фигурали учиш 1924 йилдан қишки олимпиада ўйинлари дастурига киритилди (спорт рақслари — 1976 йилдан; 1908 ва 1920 йилларда мусобақалар Олимпиада ўйинлари дастурида ўтказилган).
Ўзбекистонда 1972 йил Фигурали учиш мактаби (Тошкентда) ташкил қилинди. Унда 200 га яқин спортчи шуғулланди. Фигурали учиш бўйича олимпия ўринбосарларини тайёрлайдиган республика махсус болаларўсмирлар спорт мактабининг тарбияланувчилари Марина Никитюк ва Рашид Кодиркайевлар жуфт бўлиб учишда ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлди (1980). Тошкентлик Алина Спиргиаду ва Юрий Разгуляйев спорт рақслари бўиича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони (1991), кейин катталар ўртасида бир неча бор Осиё чемпионати ва йирик халқаро турнирларнинг ғолиби бўлдилар.
Шунингдек, якка ҳолда учишда Осиё ўйинлари, 4 қита (Осиё, Африка, Австралия ва Америка) чемпиони, Гран при мусобакаларининг финалчиси Татяна Малинина ва Роман Скорняков, жуфт ҳолда учишда Наталя Пономарева билан Евгений Свиридов Ўзбекистоннинг машҳур фигурали учувчилари ҳисобланади.