Футбол

Футбол (инглизча foot — оёқ, ball — тўп) — спорт ўйини, 2 дарвоза (7,32x2,44 м) ли махсус майдон (90—120 х 45— 90) да тўп билан жамоа бўлиб ўйналади. Футбол тўпининг оғирлиги 410—450 г, айлана диаметрининг узунлиги 68—70 см, ўйиннинг асосий вақти 90 минут (45 минутдан 2 бўлим, 12—15 минут танаффус). Майдонда иккала жамоада 11 кишидан бўлади. Ўйиндан мақсад рақиб дарвозасига тўпни оёқ ёки гавда қисмлари билан (қўлдан ташқари) киритишдан иборат. Фақат дарвозабонларгина қўл билан ўйнаши мумкин (жарима майдончасида).

Футболга ўхшаш ўйинлар милоддан аввал Миср ва Шарқ мамлакатларида маълум бўлган, кейин Европага ўтган. 1848 йилда Буюк Британиядаги Кембриж университети ўқитувчилари Футболнинг дастлабки замонавий қоидаларини ишлаб чиқишган. 1857 йилда шу мамлакатдаги Шеффилд шаҳрида илк Ф. клуби ташкил этилган. 1863 йилда Англия Футбол уюшмаси тузилиб, Футбол қоидалари тасдиқланган. 18-асрнинг охири — 19-асрнинг бошларида Европа ва Жанубий Америка давлатларида ҳам Футбол уюшмалари ташкил килинди. 1896 йил Футбол олимпиада ўйинлари дастурига киритилди. 1904 й.да халқаро футбол федерацияси —ФИФА тузидди. Футбол Бразилия, Германия, Италия, Аргентина, Буюк Британия каби давлатларда кенг ривожланган. Пеле, Марадона, Ф. Беккенбауэр, Л. Яшин, 3. Зидан, Р. Роналдо ва бошқа Футболчилар бу ўйиннинг жаҳонда оммавийлашишига ҳисса қўшишди. Ўзбекистонда 20-аср бошларидан замонавий Футбол қоидалари асосида ўйинлар ўтказилган. 1912 йилда Қўқонда биринчи Футбол жамоаси тузилди. Кейинроқ Фаргона, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган шаҳарларида ҳам Футбол жамоалари пайдо бўлди. 20-асрнинг 20-йилларидан мамлакатимизда турли тоифадаги мусобақалар (1937 йилдан Ўзбекистон биринчилиги) мунтазам равишда ўтказила бошланди. 1956 йилда Тошкентда «Пахтакор» жамоасининг ташкил этилиши ва шу номдаги стадион қурилиши республикада Футболнинг ривожланишига туртки бўлди. 20-асрнинг 80-йилларидан Ўзбекистонда Футболчиларнинг янги авлодини тарбиялашга киришилди. М. Қосимов, И. Шквирин, А. Абдураимов, М. Шацких Ўзбекистондагина эмас, Осиё ва бошқа қитьаларда ҳам ном қозондилар. 1959 йилда ташкил этилган Ўзбекистон футбол федерацияси 1992 йилда (кейин 2001 йилда) қайта рўйхатдан ўтди. 1992 йилдан Футбол бўйича Ўзбекистон миллий чемпионати ва кубоги, турли тоифадаги мусобақалар ўтказиб келиняпти, Футбол жамоаларининг халкаро учрашувларда иштирок этиши таъминланаяпти. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш тадбирлари тўғрисида» (1993 йил 18 март) ҳамда «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришнинг ташкилий асослари ва принципларини тубдан такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида» (1996 йил 17 январ)ги қарорлари Футболдаги ютукдарга замин яратди. Фарғонанинг «Нефтчи» клуби МДҲ кубогининг финалига чиқди (1994), «Пахтакор» клуби Осиё чемпионлар лигаси ярим финалида ўйнади (2003, 2004), мамлакат ёшлар терма жамоаси жаҳон чемпионати финал босқичида қатнашди (2003), Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё ўйинлари (1994) ва АфрикаОсиё ўйинлари (2003) ғолиби бўлди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 36 та (олий ва биринчи лигада) профессионал клуб бор (2004).  2 лигада 196 та жамоа шундай макомга эришиш учун мамлакат биринчилигида қатнашяпти.

Футбол клублари қошида 18 та Футбол интернат мактаблари, коллежлари фаолият кўрсатяпти, уларда 2000 дан зиёд ўқувчи шуғулланади. Шунингдек, Футболга ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари иши яхшиланди. Футбол универсиада, «Баркамол авлод» ва «Умид ниҳоллари» мусобақалари дастурларидан урин олган. Болалар-ўсмирлар ўртасида республикада ўтказиладиган «Футбол ғунчаси» мусобақаларида 692 жамоада 13840, «Футболимиз келажаги» мусобақаларида 15035 жамоада 300700 ўйинчи иштирок этди (2004). Аёллар ўртасида ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида Андижоннинг «Андижанка», Наманганнинг «Гулбаҳор», Қаршининг «Севинч» жамоалари етакчилик қилиб келади. Фахрий Футболчилар ўртасида ҳам мунтазам равишда мусобақалар уюштирилади. Жисмоний қобилияти чекланган Футболчилар ўртасида Тошкентнинг «Матонат» жамоаси (ҳозирги «Байналмилал») жаҳон кубогини қўлга киритган (1991). Ҳозирги кунда республикада 362 та стадион, 7113 та Футбол майдони мавжуд, 460658 киши (улардан 4642 нафари аёллар) Футбол билан шуғулланади, 1916 нафар мураббий фаолият кўрсатади (2004). «Ўзбекистон футболи» (Тошкент), «ФутболЭкспресс» (Андижон), «Аср футболи» (Наманган), «Интер футбол» (Косонсой), «Бокс плюс футбол» (Тошкент) каби ихтисослашган газеталар чиқиб турибди. С. Арутюнов, Е. Валицкий, А. Келлер, М. Акбаров, Р. Акрамов, Ю. Саркисян, М. Раҳимов каби мураббийларнинг ўзбек Футболи равнақида хизмати катта. И. Тошмуҳамедов, А. Имомхўжаев, Б. Белозёров, Н. Ризаметов, Б. Ҳайдаров сингари тажрибали ҳакамлар ишини давом эттираётган Р. Эрматов ва И. Куцилло расмий нуфузли халқаро мусобақаларни бошқаришди.

 

 

Поделиться