Хоккей

Хоккей (инг. hockey) спорт ўйини. Дарвозалар ўрнатилган махсус майдонча (саҳн)да клюшка ва тўп (шайба) билан жамоа бўлиб ўйналади. Ўйинчилар томонидан рақиб дарвозасига кўпроқ тўп (шайба) киритиш мақсад қилиб қўйилади. Хоккейнинг 3 та асосий тури бор: чим устида Хоккей, муз устида ўйналадиган тўпли Хоккей, шайбали Хоккей.

 

Чим устида Хоккей майдонининг ўлчами 91,4x55 м, клюшкасининг оғирлиги 652—794 г, тўпининг оғирлиги 156—163 г, ўйин вақти 90 минут (45 минутдан 2 бўлим). Мусобақалашаётган 2 жамоада 11 тадан ўйинчи қатнашади. Чим устида Хоккейга ўхшаш ўйинлар милоддан 2 минг йил аввал ҳам Миср, Юнонистон, Ўрта Осиё ва бошқа жойларда мавжуд бўлган. Ўрта Осиёда чорвадорлар ўртасида аввал тош билан ўйналадиган подачи, кейинроқ от миниб ўйналадиган чавгон оммалашган. Чавгон Бобурийлар салтанати даврида Ҳиндистонда кенг тарқалган. 19-асрнинг 2-ярмида Буюк Британияда чим устида Хоккей клублари тузилди. 1875 йилда Лондон Хоккей уюшмаси томонидан чим устида Хоккейнинг замонавий ўйин қоидалари ишлаб чиқилди. Бу қоида 1907 йилда тасдикланди. Чим устида Хоккейнинг эркаклар мусобақаси 1908 йилдан, аёллар мусобақаси 1920 йилдан олимпиада дастурига киритилган. 1924 йилда Халқаро Хоккей федерацияси (FIH) ташкил этилган, унга 120 давлат аъзо (2003). Бу федерация 1970 йилдан эркаклар ўртасида, 1973 йилдан аёллар ўртасида жаҳон чемпионатлари ўтказади. Чим устида Хоккей Ҳиндистон, Покистон, Буюк Британия, Германия, Голландияда ривожланган. Ўзбекистонда чим устида Хоккей 20-асрнинг 70-йилларидан оммалаша бошлади. 1972 йилда Андижонда дастлабки чим устида Хоккей жамоаси тузилди. 1973 йилдан эркаклар, 1975 йилдан аёллар ўртасида чим устида Хоккей мусобақалари утказила бошланди. Республикада чим устида Хоккейга ихтисослашган 10 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бор, уларда 45 нафар мураббий қўл остида 1200 нафардан зиёд ўқувчи шуғулланади (2004). Мириман Ким, Ойбек Патиддинов, Ринат Маматказин, Лилия Муталапова каби маҳоратли мураббийлар етакчи Хоккейчиларни тарбиялади. Айниқса, аёл Хоккейчилар юқори натижаларга эришди. Валентина Заздравних, Неллико Горбаткова, Лайло Ахмерова ва Алина Хам олимпиада ўйинлари бронза медали совриндорларидир (1980, Москва). Ўзбекистон чим устида Хоккей аёллар терма жамоаси Осиё ўйинлари ва жаҳон кубоги финалида қатнашган.

 

Тўпли Хоккей майдонининг ўлчами 90— 100 х 50—65 м, клюшкасининг узунлиги 120 см, қайрилган қисми 6,5 см, огирлиги 450 г, тўпининг диаметри 6 см, оғирлиги 58—62 г, ўйин вақти 70 минут (35 минутдан 2 бўлим). Мусобақалашаётган 2 жамоада 11 тадан ўйинчи қатнашади. Тўпли Хоккейга ўхшаш ўйинлар Европанинг шимолий мамлакатларида ўрта асрларда пайдо бўлди. 1891 йилда Буюк Британияда миллий ассоциация тузилган ва тўпли Хоккейнинг ўйин қоидалари ишлаб чиқилган. 1955 йилда Халқаро тўпли Хоккей федерацияси (IBF) ташкил этилиб, тўпли Хоккейнинг ўйин қоидалари тасдиқланган. Федерация 1957 йилдан жаҳон чемпионатлари (1961 йилдан 2 йилда 1 марта) ўтказиб келади. Россия, Швеция, Финляндия ва бошқа давлатларда тўпли Хоккей ривожланган.

 

Шайбали Хоккей майдонининг ўлчами 51—61 х 24—30 м, клюшкасининг узунлиги 140 см, қайрилган қисми 37,5 см, оғирлиги 500 г, резинадан тайёрланган шайбанинг диаметри 7,62 см, қалинлиги 2,54 см, оғирлиги 150—170 г, ўйин вақти 60 минут (20 минутдан 3 бўлим). Мусобақалашаётган 2 жамоада 6 тадан ўйинчи қатнашади. Шайбали Хоккей 19-асрнинг 60-йилларида Канадада пайдо бўлган ва Европанинг шимолий давлатларида ҳам кенг тарқалган. 1870 йилда Торонтода шайбали Хоккей ассоциацияси тузилди. 1886 йилда шайбали Хоккейнинг ўйин қоидалари эълон қилинган. 1892 йилдан Канадада шайбали Хоккей бўйича Стэнли кубоги мусобақалари ўтказиб келинади. 1899 йилда Монреалда шайбали Хоккейга мослашган дастлабки ёпиқ спорт саройи қурилди. 1908 йилда Халқаро муз устида Хоккейлигаси (LIHG) ташкил этилди. Унга 40 га яқин давлат аъзо (2004). 1924 йилдан шайбали Хоккей кишки олимпиада ўйинлари дастурига киритилган. 1973 йтлда Жаҳон Хоккей ассоциацияси (WHA)гa асос солинди ва Стэнли кубоги мусобақаларида канадаликлар билан бирга АҚШ профессионал клублари қатнаша бошлади. Шайбали Хоккей Канада, Россия, Швеция, АҚШ, Чехия, Финляндия, Словакия давлатларида ривожланган.

Поделиться