Президентнинг янги қарори қабул қилинди

2024 йил Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига спортчиларимизни комплекс тайёрлаш бўйича президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра:
- жамоавий спорт турлари (футбол, баскетбол, гандбол, чим устида хоккей, регби, волейбол) бўйича Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида олимпик профессионал клублари ташкил этилади;
- сув спорти, оғир атлетика, қиличбозлик, бокс, дзюдо, регби, футбол, чим устида хоккей, волейбол, ўқ отиш бўйича спорт инфратузилмаси ташкил этилади, реконструкция ҳамда жиҳозлаш ишлари ўтказилади;
- такомиллаштирилган ўқув ҳамда антидопинг дастурлари ва адабиётлар тайёрланади, терма жамоаларни тайёрлашда иштирок этиш ва маслаҳат бериш учун хорижий тренерлар ва экспертлар жалб қилинади;
- ўйинларга тайёргарлик кўриш мақсадли кўрсаткичлари ҳамда миллий терма жамоаларнинг контингенти тасдиқланмоқда:
- Олимпия ўйинлари бўйича 244 та дастурда иштирок этиш ҳамда 26 та спорт тури бўйича 103 та лицензияни қўлга киритиш;
- Паралимпия ўйинлари бўйича 476 та дастурда иштирок этиш ҳамда 12 та спорт тури бўйича 105 та лицензияни қўлга киритиш;
- спорт менежментини яхшилаш учун катта тўртлик (big four) аудиторлик ташкилотларидан бири жалб қилиниб, барча бўғин аудитдан ўтказилади ва унинг натижалари бўйича Президент қарори лойиҳаси киритилади;
- спорт уюшмалари раҳбарлари вакант лавозимларини тўлдириш, паст натижаларни кўрсатган, бюджет маблағларидан самарали фойдаланмаган ва бошқа салбий ҳолатларга йўл қўйган уюшмалар раҳбарлари лавозимларига янги номзодлар бўйича таклиф киритилади.
2021-11-10 11:12:23