Ҳар бир йирик мусобақа, айниқса, Олимпия ўйинлари ўзининг маскотлари (рамз) билан алоҳида эсда қолади. Бугунги мақоламиз яқинлашиб келаётган Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларинг рамзи Бин Дуньдунга бағишланади.
2018 йил август ойида мусобақа ташкилий қўмитаси томонидан расмий маскот аниқлаш бўйича танлов эълон қилинди. 2019 йил сентябрь ойига қадар профессионал ва ҳаваскор дизайнерлардан 5816 та намуналар келиб тушди. Улар орасидан энг яхши 10 таси танлаб олинди. Шундан сўнг Бин Дуньдунь Пекин-2022 қишки Олимпия, Шуэй Ронгронг эса Паралимпия ўйинлари рамзи этиб эълон қилинди.
Бин Дуньдунь. “Бин” мандарин тилидан “поклик”, “дуньдунь” эса “мустаҳкамлик”, “жонли” ва “болалар” каби маъноларини англатади. Рамзда космонавтларникига ўхшаш махсус кийимдаги панда тасвирланган. Дизайн эгаси Цао Сюэнинг сўзларига кўра, бу келажакдаги чексизликни англатади. У тасвирлаган панда музда, қорда, сноубордда ҳаракатлана олади. Унинг юзи атрофидаги ёрқин ҳалқалар илғор технологиялар билан жиҳозланган ареналарни ифодалайди. Чап панжасидаги юракча Хитойнинг барча меҳмонларга бўлган меҳрни англатади.