Umid nihollari

Умид ниҳоллари” мусобақаларининг ўтказилиши тўғрисида

 Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда ўқувчи-ёшлар ўртасида спортни ривожлантириш, уларни оммавий равишда жисмоний тарбия ва спорт ҳаракатига жалб қилишга қаратилган уч бўғинли “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва  “Универсиада” спорт мусобақалари тизимли амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида ёшларимизнинг спортга бўлган қизиқиши кундан-кунга ортиб бориб, улар соғлом, иродаси мустаҳкам, Ватанимизнинг содиқ фарзандлари бўлиб вояга етмоқда.

Республикамизда умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшлари мусобақалар илк бора “Олимпия умидлари” номи билан 2000 йилда Тошкент шаҳрида, “Умид ниҳоллари” номи билан илк бора 2002 йилда – Фарғона вилоятида ўтказилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 3 июндаги “Ўқувчи ва талаба ёшларни спортга жалб қилишга қаратилган узлуксиз спорт мусобақалари тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги 244 қарорига асосан “Умид ниҳоллари” 2003 йилда Хоразмда ўтказилди. (мусобақалар 2006 йилда – Қарши шаҳрида, 2009  йилда – Гулистон шаҳрида , 2012 йилда – Навоий шаҳрида бўлиб ўтган).

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг республика финал босқичи спортнинг 12 тури бўйича 2012 йилда Навоийда ўтказилган эди.

Бу йилги “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг финал босқичи дастурига кўра ўқувчилар аввалги мусобақалардан фарқли равишда спортнинг жами 17 та, шундан 16 та (баскетбол, волейбол, гандбол, футбол, сузиш, стол тенниси, бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, енгил атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквандо, дзюдо, бокс, оғир атлетика, бадминтон) олимпия тури ва шахмат бўйича беллашдилар.

1. Тадбирларнинг ўтказилиши:

“Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг финал босқичига ўқувчиларни саралаб олиш жараёни мусобақа Низомига кўра 2014 йил сентябрь-октябрь ойларида бошланган бўлиб, биринчи босқичда барча мактабларнинг синфлараро беллашувларида жами – 4 067 161 нафар (1 793 618 нафари қизлар, 44%) ўқувчилар иштирок этишди.

Мактаблар ўртасида ўқувчиларнинг кузги ва қишқи таътил кунлари вақтида ўтказилган иккинчи босқичда спортнинг 6 та (баскетбол, волейбол, сузиш, футбол, стол тенниси, гандбол) туридан жами 746 130 нафар (300 390 нафари қизлар, 40,2%) ўқувчилар қамраб олинди.

Қишки таътил даврида спортнинг 11 та (бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, енгил атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквандо, дзю-до, бокс, оғир атлетика, бадминтон ва шахмат) тури бўйича ўтказилган мусобақаларда жами 494 190 нафар (116 280 нафари қизлар, 23,5%) ўқувчилар иштирок этишди.

Ўқувчиларнинг баҳорги таътил вақтида туманлар ўртасида ўтказилган учинчи босқичда иккинчи босқичда ғолиб деб топилган жами 24 704 нафар (8 299 нафари қизлар, 33,5%) ўқувчилар иштирок этишди.

“Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг финал босиқичлари Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 22 майдаги 367-ф-сонли фармойишига асосан Ташкилий қўмита тузилган ҳолда жорий йилнинг 26-30 май кунлари республиканинг барча ҳудудларида белгиланган замонавий спорт мажмуалари ҳамда амфитеатрларда “Ёшлик ва спорт” байрами сифатида ўтказилди.

Тадбирлар республикадан бириктирилган масъул раҳбарлар ва вилоят ҳокимларининг табрик сўзи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси билан очилди.

Тадбирларнинг бадиий қисмида жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро мусобақаларнинг совриндорлари, таниқли спорт усталарининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Тадбирларни ўтказишда Ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишларини бадиий даражада талқин қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудларга республикадан бириктирилган таниқли санъаткорлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, вилоят ҳаваскорлик дасталари иштирокчилари ижросидаги Ватан, мустақиллик, ёшлик, шижоат, фидоийлик, спорт ва соғлом турмуш тарзини тараннум этувчи куй - қўшиқлар ва рақслардан иборат концерт дастури ёшлар эътиборига ҳавола этилди.

Ҳудудларда ўтказилган байрам тадбирларида жами 25 мингдан ортиқ ўқувчи-ёшлар, уларнинг мураббийлари ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг фаоллари иштирок этишди.

2. Мусобақа иштирокчилари сонининг ўсиши ва рақобатнинг ривожланиши:

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтган йиллар мобайнида ҳудудларда қурилган 1 605 та болалар спорти мажмуалари ёшларни оммавий спортга жалб қилишга замин яратди.

Агар, 2003 йилда 16 ёшгача бўлган ўғил-қизларимизнинг 20 фоизи спорт билан шуғулланган бўлса, айни кунда бу кўрсаткич 55,8 фоизга етди. Жумладан, қизлар улуши мос равишда
16,4 фоиздан 45,7 фоизга ошди.

2012 йилда “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаси спортнинг 12 та туридан ўтказилган эди, 2015 йилда эса 17 та турдан ўтказилди.

Спортнинг олимпия турларини ривожлантириш, мазкур мусобақага ўқувчиларни янада кўпроқ қамраб олиш мақсадида 2012 йилги мусобақа дастуридан спортнинг 2 та - миллий кураш ва белбоғли кураш турлари чиқарилди ва 2015 йилги мусобақа дастурига спортнинг 7 та тури - бадминтон, бокс, оғир атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквандо, дзюдо киритилди.

Натижада, 2015 йилда мусобақа иштирокчилари сони 2012 йилга нисбатан 388 876 нафарага ёки 5,1 фоизга ошди.

Жумладан, мусобақанинг мактаб босқичида 2012 йилга нисбатан 2015 йилда 208 620 нафар, туман (шаҳар) босқичида 176 698 нафар, ҳудудий босқичида 3 558 нафар кўп ўқувчилар иштирок этди.

Жойларда янги спорт иншоотларининг босқичма-босқич барпо этилаётгани ва замонавий спорт анжомлари билан таъминланаётганлиги туманларда спортнинг ривожланиш даражасининг ортишига сабаб бўлмоқда.

Аввалги мусобақаларнинг ҳудудий босқичларида ғолибликни фақат вилоят марказларидаги ва унга яқин жойлашган туман, шаҳарлар эгаллаган бўлса, 2015 йилда ўтказилган мусобақанинг ҳудудий босқичида совринли ўринларни чекка туманлар: Чимбой, Ховос, Янгиқўрғон, Хатирчи, Чироқчи, Косон туманларининг ёшлари эгаллашди.

Шунингдек, мусобақанинг ҳудудий босқичида 1-ўринни илк бор Чилонзор, Сирдарё туманлари қўлга киритди.

3. Мусобақа натижалари:

“Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг мактаб, туман ва ҳудудий босқичларида қатнашган 4 млн. нафардан  (уларнинг 1,8 млн. нафари қизлар (44%) ортиқ ўқувчи-ёшлар орасидан
1 792 нафари (шундан 602 нафари қизлар (33,5%) мусобақанинг ҳудудий босқичи ғолиблари деб топилди.

Спортнинг 17 та тури бўйича мусобақанинг ҳудудий босқичида ғолибликни қўлга киритган 1 792 нафар ўқувчи-спортчилар юртимизда ишлаб чиқарилган 196 та телевизор, 196 та велосипед, 196 та спорт кийими ва сумкаси, 51 та ДВД плейр билан тақдирланди.

Ҳудудий босқичларда 1-ўринни эгаллаган жамоалар илк бор Президентимизнинг ташаббуслари билан (Нукус, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қарши, Навоий, Наманган, Самарқанд, Термиз, Чирчиқ, Фарғона ва Урганч шаҳарлари ҳамда Чилонзор ва Сирдарё туманлари) “Президент совғаси” сифатида 14 та “Дамас” русумли автомашиналар билан мукофотланди.

4. Мусобақа иштирокчиларини кузатиш:

Тадбирдан сўнг барча ўқувчилар ташкилий равишда яшаш жойларига автобусларда йўл патрул хизмати кузатуви остида кузатилди ва уларнинг ота-оналари бағрига етиб боришлари бириктирилган масъуллар томонидан назоратга олинди.

Ўтказилган тадбирлар тинч ва осойишта ўтиб, фавқулодда ходисалар рўй бермади.

Тадбирлар давомида ва унинг сўнгида ғолиб ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, мураббийлар ва спорт фахрийлари “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг аҳамияти, ёшларга яратиб берилган шароитлар, эришилган ютуқларга тўхталиб, шукроналик ва миннатдорлик туйғуларини изҳор қилдилар.

Тадбирлар ва уларга билдирилган фикрлар марказий ва маҳаллий аммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

5. “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг финал босқичини ҳудудларда ўтказилиши:

ҳар бир туман ва мактабларда спортнинг қайси тури оммавийлашганлиги, унинг натижадорлигининг муҳокама қилинишига, ҳар бир мактаб ва туманларда спортга бўлган муносабатни, айниқса, таълим муассасалари раҳбарлари ва туман ҳокимларини натижаларни таҳлил қилишга, йўл қўйилган камчиликларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганишга, тегишли спорт турларини ривожлантиришга, умуман олганда  ҳудудда болалар спортини янада оммалаштириш чораларини кўришга туртки бўлди.